Бугун, 20 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазири Матсумото Ёхей, Япония фанни илгари суриш жамияти президенти Сугино Суёси ҳамда Япониянинг Сукуба, Нагоя, Тоттори университетлари, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Нагоя иқтисодиёт университети каби етакчи олий таълим муассасаларининг раҳбарлари билан учрашди.
Ўзбекистон Президенти Япония «иқтисодий мўъжизаси»нинг асосини ташкил этувчи таълим, фан ва инсон капиталини ривожлантиришга инвестициялар Ўзбекистон – Япония ҳамкорлигининг стратегик йўналишларидан бири эканини таъкидлаган.
Мамлакат кўплаб атоқли олимларни, хусусан, физика, кимё ва тиббиёт соҳаларида Нобел мукофоти совриндорларини етиштириб чиқарган.
Бугунги кунда 2,8 мингдан ортиқ ўзбекистонлик талаба Япониянинг етакчи таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. Биргина ЖДС стипендия дастури бўйича 440 дан зиёд давлат хизматчилари Японияда ўқитилган.
Ректорлар форуми ўзаро алоқалар учун самарали майдонга айланди. Октабр ойида Самарқандда икки мамлакатнинг қарийб 50 та университети ректорлари иштирок этган бешинчи форум муваффақиятли ўтказилган.
Бугунги учрашувда қатнашган Япония университетлари мамлакатимиз учун энг долзарб бўлган сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, «яшил» энергия ва барқарор ривожланиш, сейсмология ва «ақлли шаҳар» технологиялари каби соҳалар бўйича мустаҳкам илмий-тадқиқот инфратузилмасига ва юқори илмий ҳамда педагогик салоҳиятга эга эканлиги таъкидланган.
Ушбу йўналишлар бўйича Ўзбекистон университетлари билан яқин ҳамкорлик бошланган. Куни кеча қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қизғин музокаралар бўлиб ўтди ва янги келишувларга эришилди.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш учун таълим ва фан бўйича қўшма комиссия, инновациялар бўйича консорциум ташкил этиш, флагман лойиҳалар, шу жумладан ўқув жараёнига SIни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда муҳандислик мутахассисликлари бўйича ўқув дастурини ишга тушириш таклиф қилинди.
Тадбир доирасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Сукуба университети билан биргаликда Ўзбекистонда олий таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги меморандум ҳамда илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида бир қатор бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Эришилган келишувларни тизимли ва ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш учун «йўл харитаси» қабул қилинади.
