Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Коо-Чати қишлоғида яшовчи 4-синф ўқувчисининг қор белигача келса ҳам, мактабга кетаётгани акс этган видео интернетда кенг тарқалди. Жорий йилнинг 17 декабрь куни Қирғизистон президент Садир Жапаров ушбу ўқувчи билан учрашди.
Президент матбуот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, давлат раҳбари қор ёғганига қарамай, мунтазам равишда мактабга қатнаётган боланинг саъй-ҳаракатларидан мамнун бўлган. Шу муносабат билан Садир Жапаров ўқувчини анъанавий Президент арчаси тадбирига таклиф этишни ҳамда давлат раҳбари номидан эсдалик совғаси топширишни буюрган.
Шунингдек, Президент болакай билан шахсан учрашиб, унга бир неча совғалар: компьютер, тўп ва ўзининг эски мобил телефонини берган.
«Сенинг видеоингни кўрганимда, ўзимнинг болалигимни эсладим. Мен ҳам сенинг ёшлигингда қалин қорларни кечиб мактабга борардим. Бизнинг қишлоғимиз Кенг-Суу эди — ҳозирги кичик ватаним. Ўша пайтлари қор ярим метр, баъзида ҳатто бир метргача ёғарди. У пайтда тракторлар йўқ эди, йўлларни очиб берадиган техника ҳам бўлмасди. Шунақа шароитда сен каби пиёда юриб мактабга борардик. Сени кўриб, ўша болалигим эсимга тушди. Баракалла, болам» — деди Президент Жапаров.
Аввалроқ, Қирғизистонда Фан ва олий таълим вазири маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берган эдик.
