Бугун, 16 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Таъкидланишича, бугунги кунда пойтахтда 75 тадан мактаб ва шунча боғча, 23 та спорт объектига эҳтиёж бор.
Туман ҳокимлари ўзлари маблағ жалб қилиб, ҳар йили 1 тадан мактаб, боғча ва спорт объектини қуриши, қолган 15 тадан мактаб ва боғча ҳамда 11 та спорт объекти инвестиция дастури доирасида қуриб берилиши белгиланди.
Келгуси йилда инфратузилма лойиҳаларига четдан давлат кафолатисиз яна 300 миллион доллар жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Шу йилдан Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан мактабда таълим сифатини ошириш бўйича «Тошкент тажрибаси» бошланди. Яъни 7-11-синфдаги 1,5 минг ўқувчи сараланиб, уларни АТ, тиббиёт, бизнес, муҳандислик каби йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилди.
Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришига қараб, ўқитувчиларига 20 миллион сўмгача ойлик маош тўланяпти.
Бу тажрибани кенгайтириб, бундай мактаблар сонини келаси йили 24 тага, 2027 йилда 33 тага етказиш вазифаси қўйилди.
