23 нафар вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим берган шахсга жиноят иши қўзғатилди

23 нафар вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим берган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан Наманган шаҳар Сиҳатгоҳ МФЙ Чаманзор кўчасида доимий рўйхатда турувчи 1994 йилда туғилган шахс вояга етмаган ёшларга ноқонуний диний таълим бераётгани аниқланган.

 

У жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳар ойга 300 АҚШ долларидан ижарага олинган хонадонда ҳужра ташкил қилиб Наманган шаҳри ва вилоятнинг турли туманларида яшовчи 23 нафар вояга етмаган болаларга ноқонуний равишда диний таълим бериб келган.

 

Ўзи эса ижтимоий тармоқлардаги номаълум сайтлардан мустақил равишда диний тушунчаларни ўрганган, лекин ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмаган ҳолда ноқонуний тарзда фаолият олиб борган.

 

Мазкур ҳужрада диний таълим олаётган болаларнинг 10 нафари 7 ёшгача 13 нафари 7 ёшдан катта бўлиб, жорий йилда умуман мактаблардаги дарсларга қатнашмаганлиги маълум бўлган. Шундай бўлсада, ўқитувчилари ёки мактаб маъмурияти томонидан болаларни дарсларга қайтариш бўйича чора-тадбирлар белгиланмаган.

 

Шунингдек, болалардан бири Давлатобод тумани Орзу маҳалласида яшовчи фуқаронинг ўғли 5-синфда ўқиши лозим бўлсада, ҳозирги қадар умуман мактабга бормаган. У билан суҳбат ўтказилганда мактаб ва у ердаги дарслар тўғрисида тушунчага эга эмаслигини айтган. Аксинча, у диний таълим олиш кераклигини, дунёвий таълим олиш керакмаслиги ҳақида фикрлар билдирган.

 

Мактаб ёшидаги болаларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти билан ўзаро келишган ҳолда, уларни мавжуд электрон тизимдан назоратдан чиқариб юборишган. Фарзандларини дарсга бормаганликларини яшириш мақсадида ўқиш жойларини тез-тез ўзгартирилиб келинган.

 

Ушбу ҳужрада сабоқ олувчи болалар орасидан 6 нафарининг ота-оналари томонидан ўғилларининг ҳужжатлари ҳеч қайси таълим муассасаларига топширилмаган бўлиб, мактаб дарсликлари тўғрисида умуман тушунчага эга эмасликлари аниқланган.

 

Ҳозирда диний таълим берган шахсга жиноят иши қўзғатилган. Болаларнинг ота-оналари эса 47-модда асосида маъмурий жавобгарликка тортилган.