Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида иккита мактаб ўқувчиси ис газидан вафот этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 13 декабрь куни «Саманкўл» ОФЙ Қамисшоли аҳоли пункти Фахрийлар кўчасидаги уйни ижарага олиб иккита набираси билан бирга яшаётган фуқаро уйини иситиш мақсадида қўлбола иситиш печини ўзбошимчалик билан бошқа хонага кўчирган. Сўнг уни мўрисиз ҳолда газ тармоғига ноқонуний равишда улаган.
Бунинг оқибатида оила аъзолари газнинг ёнаётган тутунидан, яъни ис газидан кучли заҳарланиб, фуқаро А.Ж. ва унинг икки набираси — 2011 йилда туғилган А.С. (8-синф) ва 2015 йилда туғилган А.Қ. (4-синф) ўзларига келмасдан воқеа жойида вафот этган.
Туман ҳокимлиги марҳумнинг оиласига ижтимоий ёрдамлар кўрсатилаётганини билдирди. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
