АҚШ университетидаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

АҚШ университетидаги  отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди

АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳридаги Браун университети ҳудудида содир бўлган отишма оқибатида ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умрзоқов ҳалок бўлди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурхонов хабар берди.

 

Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

 

Қайд этилишича, мазкур фожиа натижасида бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан кўз юмгани оғир йўқотиш экани таъкидланган. АҚШ ОАВ хабарига кўра, Браун университетидаги воқеа оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган ва бир неча нафар яраланган.

 

Маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб бормоқда.

 

АҚШ ОАВ ва расмий идоралар маълумотига кўра, отишма 13 декабрь куни тушдан кейин университетнинг Барус & Ҳоллей муҳандислик биносида, якуний имтиҳонлар жараёнида содир бўлган. Воқеадан сўнг кампусда шелтер-ин-плаcэ (биноларда қолиш) тартиби жорий этилди, атроф ҳудудга юзлаб ходимлар жалб этилган ҳолда кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилган.

 

Университетнинг расмий саҳифасида маълум қилинишича, бинода 100 дан ортиқ лабораториялар, ўнлаб ўқув хоналари ва кабинетлар мавжуд. Браун Американинг энг нуфузли университетларидан бири бўлиб, унда 7300 га яқин бакалавр ва 3000 дан ортиқ аспирант таҳсил олади.

 

Браун университети раҳбарияти ҳодисани «фожиали кун» деб атаб, кампусда мотам кайфияти ҳукм сураётганини билдирган ва талабалар ҳамда ходимлар учун психологик ёрдам ресурслари ишга туширилганини маълум қилган.

 

Отишма юзасидан тергов ишлари федерал ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида давом этмоқда.