Таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир таълим олувчи, ходим, келувчи ва бошқа шахслар ўз телефони абонентининг чақирув овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни «овозсиз» режимга ўтказиши) шарт.
Таълим муассасаларида ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин таълим олувчилар:
– телефонини ўчириб қўйиши;
— телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.
Ўқувчиларга қуйидагилар қатъиян тақиқланади:
а) телефонини бўйнига осиб олиш, кўкрак чўнтакларида, шим, юбкалари чўнтакларида ва шу кабиларда сақлаш;
б) телефон аккумуляторини зарядлаш учун таълим муассасаси электр тармоқларига улаш;
в) телефони ёрдамида:
— атрофдагиларга зўравонлик, шафқатсизлик, порнографияни тарғиб қилувчи видео ва суратларни намойиш қилиш;
— таълим муассасасининг нуфузига, шу жумладан зўравонлик ва вандализм ҳолатларини суратга олиш ва кейинчалик уларни атрофдагиларга намойиш этиш йўли билан зарар етказиш;
г) ўқув машғулотлари вақтида:
— телефон орқали сўзлашиш ҳамда SMS, MMS ва бошқа турдаги хабарларни жўнатиш;
— телефонни стол устига қўйиш;
— мусиқа, шу жумладан наушниклар орқали тинглаш;
— сурат ва видео тасвирларни кўрсатишда телефондан фойдаланиш (ўйинлар билан шуғулланиш), тасвир (матн, расм, видеоёзув ва фотосуратлар) кўриш, диктофон, калькулятор, календарь, блокнот, ён дафтарча кабилар сифатида фойдаланиш;
— суратга олиш ва видео тасвирга тушириш;
— телефон (GPRS, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар) орқали бошқа хизматлардан фойдаланиш.
Қандай ҳолатларда ўқувчиларга телефондан фойдаланишга рухсат берилади?
Таълим муассасасида таълим олувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчилар), яқин қариндошлари, таълим муассасаларининг раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга (қўнғироқ қилишга, SMS, MMS, GPRS жўнатишга, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланишга) рухсат этилади.
Шунингдек, фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди. мМшғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур.
Таълим муассасасининг ўқитувчилари ва бошқа ходимлари:
– ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас;
— дарсдан ташқари вақтда таълим олувчилар иштирокида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклашлари шарт.
