Мактабларда дарслар қайси тартиб асосида тақсимланади? Кимларга устуворлик берилиши мумкин?

Мактабларда дарслар қайси тартиб асосида тақсимланади? Кимларга устуворлик берилиши мумкин?

Мактабларда дарс соатлари ким томонидан тақсимланади?

 

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тарификация рўйхатларини шакллантириш учун умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси ишлаб чиқилади. Умумтаълим муассасалари умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси асосида ҳар йили 10 сентябрга қадар умумтаълим муассасасининг дарс соатлари сеткасини шакллантиради.

 

Бунда таълим қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман тилларида олиб бориладиган умумтаълим муассасаларида ўқиш, она тили ва адабиёт фанлари бўйича дарс соатлари сеткаси ўқувчилар таълим олишни хоҳлаган тилдан келиб чиқиб, умумтаълим муассасалари томонидан ҳудудий халқ таълими бўлинмалари билан келишилган ҳолда шакллантирилади.

 

Умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари тақсимланади.

 

Дарс соатлари тақсимланишида кимларга устуворлик берилади?

 

– халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;

 

– ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари;

 

– чет тили ва STEAM фанларидан мутахассислиги бўйича халқаро сертификатларга эга ўқитувчилар (ТESOL Level 5, CEFR B2, IELTS 6 ва ундан юқори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазирлиги томонидан белгиланадиган бошқа сертификатлар);

 

– ТОП-1000 университетлар рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетларини битирган ўқитувчилар;

 

– асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар;

 

– ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган асосий олимпиадаларнинг республика босқичи ғолиблари;

 

– республика босқичидаги кўрик танловларда (йил ўқитувчиси) совринли ўринларга эга бўлган ўқитувчилар;

 

– олий малака тоифасига эга ўқитувчилар;

 

– биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар;

 

– асосий олимпиадаларнинг вилоят ва туман босқичи ғолибларининг ўқитувчилари;

 

– иккинчи малака тоифага эга ўқитувчилар;

 

– педагогик йўналиш бўйича магистр даражасига эга ўқитувчилар;

 

– белгиланган тартибда ўз фанидан ўтказилган назарий ва амалий синовлар натижаси бўйича аъло баҳоларга эга ўқитувчилар;

 

– олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;

 

– қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар;

 

– олий таълим муассасаларининг педагогик йўналиш бўйича битирувчи босқич талабалари;

 

– педагогик йўналиш бўйича хорижий давлатларнинг олийгоҳларини битирган, бироқ дипломи тан олинмаган ўқитувчилар;

 

– олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар;

 

– олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

 

 

Эслатма! Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.

 

Шунингдек, юқоридаги кўрсаткичлар кетма-кетлик асосида устунликка эга бўлган ўқитувчиларга дарс соатларининг максимал миқдорлари белгиланиши тавсия этилади. Максимал дарс соати олиш имкониятига эга бўлган ўқитувчининг ёзма розилиги билан унга ажратилиши мумкин бўлган дарс соатлари бошқа ўқитувчиларга берилиши мумкин.

 

Агар ўқитувчи юқорида кўрсатилган кўрсаткичларнинг бир нечтасига эга бўлганда, кўрсаткичларнинг энг устуворини инобатга олган ҳолда дарс соатлари тақсимланади.

 

Айнан бир хил кўрсаткичлар мавжуд бўлган бир нечта ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари тенг тақсимланади.

 

Муҳим! Умумтаълим муассасаларининг ўқитувчиларига йиллик бир ярим ставкадан (йиллик 2 322 соат) ортиқ дарс соатлари белгиланишига йўл қўйилмайди. Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан тақсимланган дарс соатлари ҳар йили 17 сентябрга қадар электрон дастурга киритилади.

 

Ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини шакллантириш мақсадида умумтаълим муассасаси томонидан қуйидаги маълумотлар киритилиши керак:

 

– ўқитувчилар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан исми, фамилияси, отасининг исми, диплом бўйича маълумоти, малака тоифаси тўғрисида маълумотлар;

 

– базавий тариф ставкалари тўғрисида маълумотлар, шу жумладан ўқитувчининг тариф ставкалари тўғрисида маълумотлар (бунда ўқитувчининг ҳар бир фан учун маълумоти ва тегишли малака тоифаси берилган санаси ва амал қилиш муддати кўрсатилади);

 

– педагогик кенгаш томонидан ўқитувчилар ўртасида тақсимланган дарс соатлари;

 

– дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ тўловлари;

 

– информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

 

– ўқитувчига бириктирилган синф ва синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари;

 

– уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган ўқитувчиларга тақсимланган дарс соатлари ва улар бўйича ўқитувчи ходимнинг тариф ставкалари;

 

– ўқитувчиларга директор жамғармаси ҳисобидан белгиланган ҳар ойлик устамалар миқдорлари (фоизи ва миқдори кўрсатилади);

 

– амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланадиган бошқа устама ва қўшимча тўловлар.

 

Умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан электрон дастурга киритилган ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати тегишлилиги бўйича ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органларига ҳар йили 20 сентябрга қадар кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун юборилади.

 

Электрон дастурга ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатининг тўғри ва ҳаққоний киритилиши учун умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари масъул ҳисобланади.

 

Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари эса ҳар йили 25 сентябрга қадар ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатини кўриб чиқади ва уларни тасдиқлайди ёки тасдиқлашни рад этади.

 

Ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ва ҳудудий молия органлари томонидан ўқитувчиларнинг тарификация рўйхати қандай мезонлар асосида кўриб чиқилади?

 

Улар қуйидаги тартибда кўриб чиқилади:

 

– бир ставкада ишловчи ўқитувчи учун бошланғич И ― ИВ синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси ― 18 соат ва педагогик юкламаси ― 18 соатни

 

– юқори В ― ХИ синфлардаги ҳафталик ўқув юкламаси ― 20 соатни ва педагогик юклама ― 16 соатни ташкил этади.

 

Бунда:

 

– ўқитувчининг педагогик юкламаси ҳафталик ўқув юкламасига мос равишда бошланғич И ― ИВ синфларда 1,0 коэффициентга, юқори В — ХИ синфларда 0,8 коэффициентга кўпайтирилган ҳолда ҳисобланганлиги;

 

– умумтаълим муассасасининг раҳбар ходими (директор ва унинг ўринбосарлари) томонидан асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилганлиги (ўқув юкламаси юритилишига) ҳамда улар томонидан бажарилган дарс соатларига соатбай ҳақ тўланганлиги;

 

– умумтаълим муассасаларининг уйда якка тартибда машғулотлар олиб бораётган ўқитувчиларига ҳақ тўлаш базавий тариф ставкасини ўқув ва педагогик юкламаларга бўлиш, уларни якка тартибда ўтказилган ҳақиқий дарс соатларига кўпайтириш ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли (1994 йил 29 сентябрдаги 490-сон) қарорида белгиланган ўқитувчининг тариф ставкаси ҳамда лавозим маошлари миқдорига қўшимча ойига 50 фоиз тўлов амалга оширилганлиги (бунда якка тартибда ўқувчини уйда ўқитаётган ўқитувчиларнинг асосий ойлик юкламаси мактабда бўлиши шарт);

 

– дафтарларни ва ёзма ишларни текширганлик учун қўшимча ҳақ ўқитувчининг дафтарлар ва ёзма ишлар бўйича текшириладиган фанларнинг умумий соатлари ва синф комплектидаги ўқувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланганлиги;

 

– синф раҳбарлиги учун қўшимча ҳақ синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорлар бўйича ҳисобланганлиги;

 

– умумтаълим муассасаларида ўқитувчиларга биттадан ортиқ синфга раҳбарлик қилишга ва меҳнатини соатбай асосда олиб борувчи ўқитувчиларга синфга раҳбарлик қилишга йўл қўйилмаслиги (бунда бошланғич синфларда синф раҳбарлиги она тили, ўқиш ва математика фанларидан дарс ўтадиган ўқитувчиларга юклатилади);

 

– информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча тўловлар белгиланган миқдорлар асосида умумтаълим муассасасидаги мавжуд жиҳозланган информатика кабинети сонига кўра ҳисобланганлиги;

 

– информатика кабинети мудирлиги информатика фани ўқитувчисига юклатилганлиги (бунда информатика фани бўйича мутахассис бўлмаган ҳолларда математика ёки физика фанлари ўқитувчиларига бириктирилиши мумкин, бир нафар информатика фани ўқитувчисига биттадан ортиқ информатика кабинети юклатилганда фақат битта информатика кабинети мудирлиги учун қўшимча ҳақ белгиланади);

 

– директор жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамалар белгиланадиган ўқитувчилар рўйхати умумтаълим муассасасида ташкил этилган Устамалар белгилаш, моддий рағбатлантириш ва моддий ёрдам бериш бўйича ишчи гуруҳ томонидан белгиланган талабларга кўра аниқланиши ва устамалар миқдорлари ўқитувчининг тариф ставкасига нисбатан ҳисобланганлиги;

 

– умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига ҳар ойлик қўшимча тўловлар ва устамалар амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланганлиги;

 

– умумтаълим муассасасида фанлар бўйича вакант соатлар учун маблағларни режалаштириш барча устама ва қўшимчаларни (директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган устамалар бундан мустасно) инобатга олиб, бир ставкада ишловчи олий маълумотли ўқитувчининг базавий тариф ставкаси ҳисобидан келиб чиққан ҳолда электрон дастур орқали ҳисобланганлиги;

 

– вакант синф раҳбарлиги бўйича қўшимча ҳақ тўловлари синфдаги ўқувчилар сонига кўра белгиланган миқдорларда ҳисобланганлиги кўриб чиқилиши керак.

 

Эслатма! Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг (28.10.2025) қарорига кўра, 2026 йил 1 августдан бошлаб мактабларда дарс тақимоти қуйида тартиб асосида амалга оширилади:

 

Умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15-центабрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

 

– олий малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

— дарс берадиган фанидан педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчилар (сертификатнинг белгиланган даражаси ва амал қилиш муддатига кўра);

— биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

— иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

— олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;

— қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар (ўқитувчида қайта тайёрлаш мутахассислиги бўйича мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлганда тааллуқлилигига кўра тегишли кўрсаткичлар мавжуд бўлган ўқитувчилар билан тенг устуворликка эга бўлади);

— ўриндошлик асосида ишлаётган олий маълумотли ўқитувчилар;

— олий таълим муассасаларининг педагогика йўналиши бўйича учинчи ва ундан юқори курс талабалари; — олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар (фақат бошланғич синфларда дарс берувчи ўқитувчилар учун);

— олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

Бошланғич синфларда ўқитиладиган фанлар бўйича дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчиларнинг бошланғич таълим мутахассислигига эгалиги ёки тегишинча ушбу фанни бошланғич синфларда ўқитиш методикаси бўйича таълим олганлиги инобатга олинади.

Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.