Нукус ва Самарқанд UNESCOнинг «Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар глобал тармоғи»га (GNLC) киритилди

Нукус ва Самарқанд UNESCOнинг «Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар глобал тармоғи»га (GNLC) киритилди

Жорий йилнинг 4 декабрь куни UNESCO Ўзбекистоннинг Нукус ва Самарқанд шаҳарларини «Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар глобал тармоғи»га қўшилганини эълон қилди.

 

Мазкур тармоқ мактабларда, иш жойларида, маданият муассасаларида, кутубхоналарда ҳамда жамоат жойларида ҳаёт давомидаги таълимни тарғиб этаётган шаҳарларни бирлаштиради.

 

Жорий йилда 46 давлатдан 72 та шаҳар тармоққа қўшилди ва шу тариқа GNLC аъзоларининг умумий сони 91 давлатдан 425 та шаҳарга етган.

 

Таъкидланишича, Нукус ва Самарқанднинг тармоққа қўшилиши Ўзбекистоннинг барча ёш тоифалари учун сифатли таълимни ривожлантириш, инклюзив ёндашувларни кенгайтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларининг эътирофи бўлди.

 

Нукус шаҳрида, айниқса, ёшлар ва аёлларнинг эҳтиёжларига мос келадиган қулай таълим экотизимини шакллантириш борасида сезиларли ютуқлар қайд этилган.

 

Самарқанд шаҳрида эса ҳаёт давомидаги таълим тизимини ривожлантириш, замонавий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, «Билим Самарканд» рақамли платформасининг жорий этилиши, шунингдек, профессионал ва касб-ҳунар таълими имкониятларининг кенгайтирилгани алоҳида таъкидланган.