Янги тадқиқот шуни кўрсатдики, ChatGPT ва бошқа чат-ботлар ёрдамида ўрганаётган одамлар материални Google даги анъанавий қидирувдан фойдаланувчиларга нисбатан анча юзаки ўзлаштиради.
Пенсилвания университети тадқиқотчилари Шири Мелумад ва Жин Хо Юн 10 мингдан ортиқ одам иштирокида бир қатор тажрибалар ўтказди. Иштирокчилардан маълум бир мавзуни — масалан, қандай қилиб сабзавот боғи етиштиришни — ўрганиш сўралган ва улар тасодифий тарзда ChatGPT ёки Google қидирувига йўналтирилган. Мавзуни ўрганганидан сўнг, ҳар бир иштирокчи ўзлаштирган билимларига асосланиб, нотаниш «дўстига» маслаҳат ёзиши керак бўлган.
Натижада, сунъий интеллектдан фойдаланган иштирокчилар ўзларини камроқ нарса ўргандим деб ҳис қилишган. Кейинги топшириққа камроқ куч сарфлаб, ёзган маслаҳатлари қисқароқ, камроқ батафсил ва умумийроқ бўлган. Мустақил ўрганувчилар маслаҳатларни ўқиб маълумотни қандай олганини билмаган ҳолда — бундай маслаҳатларни фойдаси ва янгилиги кам деб баҳолашган.
Тадқиқотчилар фарқнинг сабабини аниқлашга ҳаракат қилган. Ҳатто иштирокчиларга Google ҳам, сунъий интеллект ҳам бир хил фактлар тўпламини берганида ҳам, тайёр синтез қилинган жавобларни олганлар мавзуни анча юзаки тушунган. Худди шундай ҳолат Googleʼнинг АI Оverview функцияси билан таққосланганда ҳам кузатилган: фактлар ўзгармаган бўлса ҳам, сунъий интеллект орқали берилган тушунтириш билимнинг чуқурлигини пасайтирган.
Муаллифларнинг фикрича, муаммо «ишқаланиш»да — яъни одам мустақил изланишда сарфлайдиган кучда. Ҳаволаларни очиш, манбаларни солиштириш, маълумотни талқин қилиш каби фаол жараёнлар янада чуқур ва мустаҳкам билимлар яратади. LLМ моделлари эса бутун бу жараённи одам ўрнига бажариб беради ва ўқишни фаол жараёндан пассив жараёнга айлантиради.
Тадқиқотчилар сунъий интеллектдан воз кечиш керак, деган фикрдан йироқ. Аксинча, АI тез ва аниқ жавоблар учун жуда фойдали. Аммо мақсад чуқур, умумлаштириладиган билим бўлса, ChatGPT нинг тайёр жавобларига тўлиқ таяниш унчалик самарали эмас.
Олимлар АI билан ўқишни янада фаол қилиш мумкинми, деган саволни ҳам ўрганишди. Аммо ҳатто ChatGPT жавоб билан бирга ҳавола ва манбаларни кўрсатганида ҳам иштирокчилар деярли ҳеч қачон уларни очиб кўришмаган — қулай жавобни олганидан сўнг мавзуни чуқурроқ ўрганишга бўлган мотивация йўқолган.

