Ижарада турувчи талабалар учун компенсация олиш тартиби: кимларга берилмайди?

Ижарада турувчи талабалар учун компенсация олиш тартиби: кимларга берилмайди?

Энди ижара уйида яшовчи талабалар ойма-ой ижара тўловининг бир қисмини қоплаб берилиши бўйича my.gov.uz портали орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

 

Жорий йил 1 декабрь санасидан бошлаб, ижара шартномага компенсация олиш учун ариза бериш очилди. Ушбу жараён ҳар ойнинг 7-санасига қадар давом этади.

 

Хизматдан қандай фойдаланилади?

 

my.gov.uz порталига киринг:

 

– «Давлат ОТМ талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш» хизматини танланг;

 

– ҳужжат талаб қилинмайди — талабанинг барча маълумотлари автоматик текширилади.

 

Тўлов миқдори (ариза маълумотлари тасдиқланса):

 

– Тошкентдаги талабалар — БҲМнинг 1 баравари;

 

– вилоятдагилар — БҲМнинг 0.5 баравари қайтарилади.

 

Аризалар ҳар ойнинг 1–7 кунлари қабул қилинади.

 

Изоҳ: ижара шартнома учун аризани, аслида, исталган кунда юборсангиз бўлади. Фақат ойнинг 7-санасига қадар юборилган сўровларга мазкур ой учун шартнома миқдорининг маълум қисми қоплаб берилади. Яъни ҳатто 8-санада ариза юборсангиз ҳам кейинги ойга қолиб кетасиз.

 

Кимларга қоплаб берилади?

 

– ётоқхона билан қамраб олинмаган бўлиши керак. Агар ётоқхонада жой бўлсаю, лекин талаба ётоқхонада турмасдан, ижарага чиқиб кетган бўлса, унда компенсация берилмайди;

 

– ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижарада турган бўлиши керак;

 

– давлат олийгоҳи талабаси бўлиши керак, хусусий олийгоҳ талабаларига қоплаб берилмайди;

 

– Ўзбекистон фуқароси ёки республикада доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши керак, хорижий давлат фуқаросига қоплаб берилмайди;

 

– фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган бўлиши керак. Кечки, масофавий, сиртқи, шунингдек, қўшма таълим дастурларида ўқиётган талабаларга қоплаб берилмайди;

 

– рўйхатга олинган доимий яшаш жойидан бошқа жойда (туман, шаҳар миқёсида) яшаётган бўлиши керак. Масалан, Самарқанд шаҳрида рўйхатда турган талаба Самарқанд шаҳридаги олийгоҳда ўқиса, унга ижара тўловида компенсация берилмайди, лекин Каттақўрғон туманида рўйхатда турувчи талабага тўлаб берилиши мумкин;

 

– давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида ўқиётганининг фарқи йўқ, иккаласига ҳам қоплаб берилади.

 

Қанча компенсация берилади?

 

Ҳар ой учун:

 

– Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (412 минг сўм);

– бошқа ҳудудларда — ярим баравар (206 минг сўм).

 

Ижара шартномаси бўлиши шарт

 

Компенсация олиш учун ижара.солиқ.уз сайтида ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномаси бўлиши керак, йўқса компенсация берилмайди.

 

Ягона истисно: 1-курсларга дастлабки сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномаси сўралмасдан тўлаб берилади. Ноябрь ойидан эса 1-курсларга ҳам ижара шартномаси бўлиши керак.

 

Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.

 

Маълумот учун, Солиқ кодексининг 378-модда 19-1-бандига кўра, уйига талабаларни ижарага қўйган фуқаролар ижараси учун даромад солиғидан озод қилинади. Шунинг учун талабаларни ижарага қўйганлар, шартномани расмийлаштиришдан хавотир олмаса ҳам бўлади, улар бунинг учун солиқ тўламайди.

 

Кимларга биринчи навбатда берилади?

 

— ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлганлар;

 

— ўрнак кўрсатган ва фаол талабалар биринчи навбатда молиялаштирилади.

 

Маълумот учун: қоидага кўра, ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат ОТМ талабаларининг 60 фоизига компенсация берилади. Яъни бу дегани, агар лимит тўлиб қолса, ҳаммага бюджетдан тўлаб берилмаслиги ҳам мумкин. Аммо етмай қолган талабаларга университетнинг буджетдан ташқари маблағлари орқали қўшимча молиялаштириш ҳам мумкин.

 

Ижара тўловини қоплаб берилиши бўйича аризаларни kontrakt.edu.uz орқали ҳам юбориш мумкин. Бунинг учун:

 

kontrakt.edu.uz ахборот тизимидан рўйхатдан ўтилади ва шахсий кабинетга кирилади;

– шахсий кабинетдан «Ижара тўловлари» бўлими танланади;

– «Ариза юбориш» тугмаси босилади ва ариза юборилади.

 

Рад этиш асослари

 

Агар сохта ҳужжат топширилган бўлса, манзил мос келмаса ёки ариза муддатида берилмаган бўлса — рад этилади.

 

Комиссия томонидан доимий равишда ижара шартномасини қалбакилаштирган ва нотўғри маълумотлар тақдим этган талабалар рўйхати шакллантирилиб борилади. Ушбу талабалар рўйхатига тушган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тўхтатилиши мумкин.

 

Рад этилган тақдирда камчиликни тузатиб, яна мурожаат қилиш мумкин.

 

Тугатилиши шартлари

 

Агар талаба академик таътилга чиққан, курсда қолдирилган ёки сафдан четлаштирилса — тўлов тўхтатилади. Ижара шартномаси бекор қилинса ёки манзил ўзгарса 3 иш куни ичида хабар қилиш керак.

 

Аввалроқ, Президентнинг 2025 йил 16 сентябрдаги «Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–286-сон қарорига кўра, 2025 йил 1 ноябрдан давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона портал (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш имконияти яратилиши ҳақида хабар берган эдик.