Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни ҳақида нималарни биласиз?

Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни ҳақида нималарни биласиз?

Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни (БМТнинг бошқа расмий тилларида: инг: International Anti-Corruption Day, араб: اليوم الدولي لمكافحة الفساد, ‎исп: el Día Internacional contra la Corrupción, хит:. 国际反腐败日, фр: la Journée internationale de lutte contre la corruption ) — БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2004 йилдан бери ҳар йили 9 декабрда (2003 йил 21 ноябрдаги A / RES / 58/4-сонли резолюция)нишонланиб келинади. 2003 йил 9 декабрда Мексикада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси имзоланган.

 

Ушбу Халқаро кунни белгилашдан мақсад, Бош Ассамблея резолюциясида қайд этилганидек, коррупция муаммоси ва Конвенциянинг коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашишдаги ролини чуқурроқ тушуниш бўлган. Қарорда ушбу кунни кенг нишонлаш ва тегишли тадбирларни ўтказиш тўғрисида тегишли бандлар мавжуд.

 

Коррупция – давлат ва жамиятнинг ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф.

 

Дунё давлатларида жамият ривожига ғов бўлаётган коррупция хавфига қарши курашишни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, жумладан:

 

– давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқий кодекси (Нью-Йорк, 1996 йил 12 декабрь);

– коррупция бўйича жиноий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 27 январь);

– коррупция бўйича фуқаровий-ҳуқуқий жавобгарлик конвенцияси (Страсбург, 1999 йил 4 ноябрь) ва мазкур Конвенцияга қўшимча протокол (Страсбург, 2003 йил 15 май);

– Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенцияси (2003 йил 31 октябрь).

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюсиясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб «9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни» сифатида белгиланган.

 

Бош Ассамблея резолюцияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасига (UNODC) Конвенцияга аъзо давлатлар конференциясининг котибияти вазифасини бажаришга кўрсатма беришни сўрайди ва ҳар йили Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан «UNODC» директори ушбу сана ҳақида хабар беради. Одатда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби БМТнинг бошқа халқаро кунлари муносабати билан худди шундай хабар беради.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун 2015 йил 9 декабрдаги мурожаатида:

 

– Биз 2030 йилга қадар қашшоқликка барҳам бериш ва барча учун муносиб ҳаётни таъминлашни режалаштирар эканмиз, Барқарор ривожланиш бўйича янги кун тартибида коррупцияга қарши ҳар томонлама курашиш зарурлигини тан оламиз ва ноқонуний молиявий оқимларни сезиларли даражада қисқартириш ва ўғирланган мулкни қайтаришга чақирамиз.

 

2015 йил 9 декабрдаги БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов нутқида:

 

– Коррупция ва порахўрлик ўз мақсадига етиб, тенглик ва адолат барбод бўлса, бутун жамоалар зарур инфратузилма, шифохона ва мактабларсиз қолиши мумкин. Бундан ташқари, коррупция муҳим ҳуқуқий масалаларнинг асосини бузади, саноатга зарар етказади ва рақобат тушунчасини йўқотади.

 

  • 2003 йилдан буён Transparency International ҳар йили Глобал коррупция барометрини нашр этиб келади. 2004 йилдан бошлаб ушбу ҳисобот Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига тўғри келади.
  • 2015 йилдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси «Коррупция занжирини узинг» деб номланган қўшма халқаро кампанияни, шу жумладан, фуқароларни ижтимоий тармоқларда #breakthechain хештегини қўллаб-қувватлашга тўғридан-тўғри чақирувни бошлаган.

 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ЎРҚ-419-сон қонуни қабул қилинган. У Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 24 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган.

 

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири, қабул қилиниш тарихи ва у ҳақида қўшимча маълумотлар берилган эди.