Мактаб маслаҳатчиси лавозимига кимлар даъвогарлик қила олади?

Мактаб маслаҳатчиси лавозимига кимлар даъвогарлик қила олади?

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 18 ноябрдаги 431-сонли буйруғига асосланиб, ўқувчи сони бўйича қуйидагича Мактаб маслаҳатчиси лавозими учун штат бирликлари ажратилади:

 

– 300 нафаргача бўлса — 0,5 бирлик;

– 301 нафар ва ундан ортиқ бўлганда — 1,0 бирлик

 

Шунингдек, мазкур буйруққа асосан ўқувчи ва синф сонидан қатъи назар, ҳар бир умумий ўрта таълим мактабида директорнинг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари 1 (бир) штат бирлигида ажратилиши белгиланди.

 

Қуйидаги «Мактаб маслаҳатчиси» лавозимига кимлар давогарлик қила олиши ҳақида билиб олишингиз мумкин:

 

Маълумот

Олий, бакалавр дипломига эга бўлиши (магистратура, илмий даражага эгалик афзаллик беради)

 

Мутахассислик

Педагогика, психология йўналиши (Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги олий таълим муассасалари битирувчилари ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси давлат стипендиантлари ғолибларига мутахассислик талаб этилмайди)

 

Меҳнат стажи

Талаб этилмайди

 

Компьютер саводхонлиги

Microsoft Оffice дастури (Word, Excel, Power Point ва ҳ.к), замонавий ахборот технологияларида ва интернет тармоғида мустақил фойдаланувчи сифатида турли иш дастурлари билан ишлаш бўйича етарли кўникмага эга бўлиши.

 

Қўшимча талаблар

 

Мактабгача ва мактаб таълими соҳасига оид қонунчилик ҳамда идоравий ва ички локал ҳужжатлардан, шунингдек, таълим стандартларидан хабардор бўлиши; хорижий тиллардан бирининг бошланғич босқичини ва ахборот- коммуникация технологияларидан фойдаланишни билиш; давлат тилини билиш (рус, инглиз ва бошқа чет тилларини билиш устуворлик беради.).

 

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 28-моддасига мувофиқ қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахслар Таълим ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунининг 15-моддасига мувофиқ:

 

– қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;

 

– қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

 

– педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;

 

– психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

 

Шу билан бирга, қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш мумкин эмас.