Педагог ўриндошлик асосида ишласа, унга «болничный» пули тўланадими?

Педагог ўриндошлик асосида ишласа, унга «болничный» пули тўланадими?

Меҳнат кодексининг 432-моддасига асосан, ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир.

 

«Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 18-бандига асосан, ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир.

 

Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

 

Аввалроқ, иккита таълим муассасасида фаолият юритадиган ходим ўриндош сифатидаги иш жойидан ҳам декрет пули олиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.