Қозоғистонда педагогларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда

Қозоғистонда педагогларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда

Қозоғистонда педагогларни аттестация қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Жулдуз Сулайменова хабар берди.

 

Аввалроқ, Қозоғистонда ўқитувчилар аттестация саволлари юзасидан норозилик билдиргани ҳақида хабар берган эдик.

 

«Бугун педагогларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида «Педагог мақоми тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда. Вазирлик педагоглар жамоатчилиги таклифларини инобатга олган ҳолда, ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш масаласини ўрганмоқда. Долзарб мавзулардан бири — ўқитувчилар томонидан муаллифлик таълим дастурларини яратиш», — деди Қозоғистон таълим вазири.

 

Учрашув иштирокчилари магистратурани тамомлаган педагогларга малака тоифасини автоматик равишда беришни таклиф қилган, бироқ вазир бу ташаббусни қўллаб-қувватламаган.

 

«Ўрта таълим тизимида педагогнинг малакасини унинг касбий маҳорати ва дарс бериш сифати орқали баҳолаш зарур», — дея таъкидлади Жулдуз Сулайменова.

 

Вазир, шунингдек, кам комплектли мактабларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш режалаштирилаётганини, бу орқали қишлоқ аҳоли пунктларида таълим сифати ва ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш кўзда тутилаётганини маълум қилган.

 

Қозоғистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида қайд этилишича, педагоглар жамоатчилиги томонидан аттестация қоидаларини такомиллаштириш бўйича кўплаб таклифлар келиб тушишда давом этмоқда.

 

Шунингдек, Қозоғистон таълим тизимида қарийб 600 минг нафар педагог фаолият юритмоқда.