Мактаб директорини ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлаган мутасаддилар 4 йилга қамалди

Мактаб директорини ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлаган мутасаддилар 4 йилга қамалди

Фурқат туманидаги мактаблардан бирининг директори бўлган аёл туман солиқ инспекцияси ва ИИБ бошлиқларининг ўзаро адовати қурбони бўлди.

 

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Фурқат тумани ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов билан тортишиб қолган. Шундан сўнг, ИИБ бошлиғи солиқ инспекцияси раҳбаридан ўч олишни мақсад қилган.

 

Ички ишлар ходимлари Абдураҳмоновнинг уйига эрининг операцияси учун қарз сўраш мақсадида борган мактаб директорига Хўжаевнинг буйруғи билан зўрлик ишлатиб, ечинтиришган ва солиқ инспекцияси бошлиғи уни зўрлагани ҳақида ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлашган.

 

Суд ҳукми билан Фурқат туман ИИБ собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев ва унинг биринчи ўринбосари Жасур Расулов Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган:

 

– 141-3-моддаси 2-қисми «б» банди (Шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш);

 

 142-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш);

 

– 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);

 

– 230-2-моддаси 1-қисми (Тезкор-қидирув фаолияти натижаларини сохталаштириш (қалбакилаштириш);

 

– 234-моддаси 1-қисми (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш).

 

Уларнинг ҳар бирига 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, улар 3 йил муддатга ИИВ тизимида ҳамда давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Тайинланган жазони манзил-колонияларида ўтаттирилиши белгиланган.

 

Шунингдек, суднинг алоҳида хабарномаси билан мазкур жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Фарғона вилояти прокуратурасига хабар қилиниши белгиланган.