5–7-синфларда ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган мавзуларда визуал контентлардан фойдаланиш йўлга қўйилади

5–7-синфларда ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган мавзуларда визуал контентлардан фойдаланиш йўлга қўйилади

Хабар берганимиздек, 2025 йил 26 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–232-сонли Президент Фармони қабул қилинди.

 

Фармонга кўра, таълимнинг барча босқичларида юридик таълимни ривожлантириш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:

 

– умумий ўрта таълим мактабларининг 5–7-синфларида тарбия фани доирасида ўқувчиларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган мавзуларда визуал (комикс) контентлардан фойдаланиш йўлга қўйилади;

– «Юриспруденция» ҳамда «Давлат ва жамият бошқаруви» таълим йўналишида бакалавр даражасига эга бўлган шахсларга қайта тайёрлов курсларидан ўтмасдан умумий ўрта таълим мактабларида давлат ва ҳуқуқ асослари фани бўйича дарс беришга рухсат этилади;

– ҳуқуқ фанидан билиш даражасини баҳолаш бўйича тест синовини ташкил этиш ҳамда унинг натижалари асосида давлат намунасидаги сертификат бериш тартиби жорий этилади.

Шунингдек, юридик таълим самарадорлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш мақсадида 2026 йил 1 мартдан бошлаб, абитуриентларни «Юриспруденция» таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари, ички ишлар органлари ходимлари, фан олимпиадалари ғолиблари, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга татбиқ этиладиган имтиёзлардан ташқари «Юриспруденция» таълим йўналишига алоқадор бўлмаган олий таълим ташкилотларига киришдаги қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилиши тўхтатилади.

 

Қолаверса, Тошкент давлат юридик университетда «Юриспруденция» бакалавриат таълим йўналишидан бошқа турдош таълим йўналишлари битирувчилари учун икки йиллик магистратура мутахассислиги жорий қилинади.