Юридик университет талабаларини иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилди

Юридик университет талабаларини иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилди

Хабар берганимиздек, 2025 йил 26 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–232-сонли Президент Фармони қабул қилинди.

 

Фармонга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб:

 

Тошкент давлат юридик университетида қуйидагиларни назарда тутувчи «Университет 5.0» концепцияси асосида барқарор ривожланишга қаратилган таълим муҳити шакллантирилади:

 

– талабаларга йўналтирилган таълим жараёни орқали уларнинг ижодий салоҳиятини доимий ривожлантириш ҳамда ижтимоий масалаларни ечишга қодир бўлган мутахассислар тайёрлаш;

 

– университет академик мустақиллигини таъминлаш доирасида коллегиал органларнинг бошқарувдаги ролини ошириш;

 

– таълим жараёнларида замонавий технологиялар, сунъий интеллект ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган инсонпарварлик қадриятларини ўзаро мувозанатли интеграциялашга қаратилган инновацион экотизим яратиш.

 

Шунингдек, университетда таълим дастурлари, таълим ва бошқарув жараёнида қуйидагилар орқали соҳадаги халқаро стандартлар жорий этилади:

 

– университет ва таълим дастурларини халқаро институционал ва дастурий аккредитациядан ўтказиш;

 

– талабаларга фан ва ўқитувчиларни танлаш учун кенг имкониятлар яратиш орқали профессор-ўқитувчилар ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш.

 

Шу жумладан, фармонга асосан, университет учинчи ва тўртинчи курс талабаларини давлат ташкилотларига, нотариат ва адвокатлик тузилмаларига иш юритувчи, юрисконсульт ёрдамчиси сифатида ишга қабул қилишга рухсат этилади.