2025 йил 26 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–232-сонли Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, қуйидагилар юридик таълим ва илм-фан ривожланишида эришиладиган асосий вазифалар этиб белгиланди, жумладан:
– юридик таълим самарадорлиги ва сифати устидан назоратни кучайтириш;
– Тошкент давлат юридик университетининг (Университет) 2030 йилгача нуфузли Quacquarelli Symonds рейтингида ҳуқуқ соҳаси бўйича юқори 1 000 талик университетлар рўйхатига киришини таъминлаш.
2026/2027-ўқув йилидан Университетда тажриба тариқасида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими жорий этилади.
Бунда 2-, 3- ва 4-курс талабалари учун юридик таълим дастурларининг 50 фоизи аудиторияларда, 50 фоизи суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа юридик соҳага оид ташкилотларда ўтказилади.
2027/2028 ўқув йилидан «Юриспруденция» йўналиши мавжуд бошқа давлат олий таълим ташкилотларида Университет тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили асосида таълим олиш тизими йўлга қўйилади.
