Иқтисодчи Сергей Базилик сунъий интеллект тез ўзгараётган даврда ҳатто «энг ишончли» касблар нима учун йўқолаётгани, болаларни нимага ўргатиш кераклиги ва ўзгаришлардан қўрқмасликни қандай шакллантириш ҳақида фикр билдирди.
Нега касбларнинг келажаги бугун оилаларни ўйлантирмоқда ва бунинг ечими нимада?
— Қайси соҳалар энг тез ўзгараётгани сезилмоқда?
— Энг сезиларли ўзгаришлар кўп такрорланувчи вазифалар мавжуд бўлган йўналишларда юз бермоқда: транспорт, молия, логистика, администрация. Сунъий интеллект ва автоматлаштириш одамлар қўлда бажарган ишларни — маълумот қидириш, ҳисобот тайёрлаш, стандарт маслаҳатлар бериш — ўз зиммасига оляпти. Инсон чарчаши ёки хато қилиши мумкин, машина эса узлуксиз ва аниқлик билан ишлайди — таътилсиз ва дам олиш кунларисиз.
— Ўзгаришлар тез содир бўладими ёки узоқ давом этадими?
— Янги технологияларнинг ривожи чизиқли эмас. Дастлаб уларнинг таъсири сезилмайди, кейин кескин тезлашув рўй беради, бир неча йил ўтиб эса тўйинганлик босқичи бошланади. Интернет ва мобил технологиялар билан биз бу жараённинг илк босқичларини аллақачон босиб ўтдик. Энди эса сунъий интеллект билан боғлиқ шиддатли ўсиш босқичига киряпмиз. Бугун ўйинчоқдек кўринган нарса эртага меъёр бўлади — худди смартфонларнинг компьютерларни сиқиб чиқаргани каби.
— Яқин йилларда қайси касблар йўқолиб кетади?
— Ўн беш йил олдин, ҳатто бугун ҳам, бухгалтер энг барқарор касблардан бири сифатида кўриларди. Аммо бугун бухгалтерларнинг асосий такрорий ишлари дастурлар ва сунъий интеллект томонидан бемалол бажарилмоқда.
Инсон зиммасида фақат ноодатий ҳолатларни таҳлил қилиш, мижозлар билан мулоқот ва қарорлар учун масъулият қолмоқда. Яқин йилларда шундай «музлашга маҳкум» касблар янада кўпаяди. Технологиялар таълим тизимига қараганда анча тез ўзгарадиган даврда яшаяпмиз — бир авлод давомида бутун йўналишлар йўқолиб кетади, янгилари эса ҳеч қаэрдан пайдо бўлади.
Агар фарзандингиз бухгалтер бўлишни орзу қилса, у таълимини кенгайтириши ва қўшимча йўналишларни ҳам ўзлаштириши муҳим.
— Қайси касблар барибир қолади?
— Аслида, касблар эмас, кўникмалар қолади. Мулоқот, танқидий фикрлаш, мослашувчанлик, маълумотлар билан ишлаш, инсонлар билан ишлай олиш — қадри пасаймайдиган кўникмалардир. Контекстни англаш ва масъулият талаб этадиган вазифалар ҳар доим инсон зиммасида қолади.
Ўн йил аввал продуcт-манагер ёки сунъий интеллект этикаси мутахассиси ҳақида ҳеч ким билмас эди. Бугун бу оммавий касбларга айланди. Яқин бир-икки йил ичида эса яна янги йўналишлар пайдо бўлади: машина ўргатувчилари, рақамли ҳамжамиятлар кураторлари, билимлар базаси архитекторлари.
Бугун яна бир қизиқарли жараённи кузатяпмиз: кадрларни танлаш тизимлари резüмеларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилса, номзодлар резюмеларини айнан ўша технология билан яхшилайди. Натижада сунъий интеллект сунъий интеллект билан «суҳбатлашади», ҳақиқий сигнал йўқолади. Шунинг учун реал лойиҳалар, амалий тажриба ва жонли тавсиялар қадри ортмоқда — буни машина яратиб бермайди.
Нега ота-оналарнинг «барқарор касб» излашга бўлган уринишлари самара бермайди?
— Аччиқ ҳақиқат шуки: барқарор касблар энди мавжуд эмас. Меҳнат бозори шиддат билан ўзгаради — технологиялар қоидаларни университетлар улгурмасидан ўзгартириб юборади.
Ота-оналар ўз ёшликлари мезонлари билан фикрлашади: «диплом — барқарорлик». Бугун эса диплом фақат бошланиш нуқтаси, кафолат эмас. Энг нуфузли университетлар битирувчилари ҳам ҳар бир неча йилда қайта ўқишга мажбур.
Бугун омон қолишнинг калити — тез ўрганишга тайёрлик. Ота-оналар ҳали ҳам «ишончли касблар» сифатида банк соҳаси, ҳуқуқ, бухгалтерияни эслайди. Аммо айнан шу соҳалар биринчилардан бўлиб автоматлаштирилмоқда.
Бугунги тўғри танлов — фундаментал билимлар қадрланадиган йўналишлар: техника, ижтимоий фанлар, математика, иқтисодиёт, муҳандислик, социология.
Муаммо фанларда эмас, балки кўникмаларда: таҳлил қилиш, боғлиқликларни кўра олиш, мураккаб нарсаларни содда тушунтириш. Бу кўникмалар меҳнат бозори қандай ўзгармасин, доим керак бўлади.
Асосий хато — болани аниқ бир касбга тайёрлаш. Тўғри ёндашув — уни ўзгаришларга тайёрлаш: синаб кўришдан қўрқмаслик, йўналишни ўзгартира олиш, ўзини қайта кашф қилиш. Бу тартибсизлик эмас — янги барқарорлик шакли.
Болага келажакдан қўрқмасликка қандай ёрдам бериш мумкин?
— Энг оддий қадамлардан бошланг: қизиқиш ва мустақилликни ривожлантиринг. Болага ўзига ёққан йўналишни танлашга рухсат беринг — бу сиз тасаввур қилган «келажаги порлоқ касб» билан мос тушмаса ҳам.
Мактаб — асос. Аммо ҳақиқий келажак кўникмалари мактабдан ташқарида шаклланади: тўгараклар, лойиҳалар, волонтёрлик, амалиётлар. Ноаниқлик билан тўқнаш келиш — мослашувнинг энг яхши мактаби.
Онлайн курслар ва таълим платформалари одатий ҳолга айланди. Муҳими — болани ортиқча юкламаслик ва мустақил ўқишни ўргатиш.
Ота-онанинг роли — назорат қилиш эмас, балки жараённи тўғри йўлга қўйиш. Хатоларга йўл қўйишни тақиқламанг: келажакда иш берувчилар хато қилмаганларни эмас, хатони тез тузата оладиганларни қадрлайди.
Фарзандига барқарор келажак танламоқчи бўлган ота-оналарга асосий маслаҳат?
— Дунё ҳақиқатан ҳам олдингидек эмас — ноаниқ, ўзгарувчан. Аммо бу ҳукм эмас, балки яшашни ўрганиш мумкин бўлган муҳит. Ота-оналар эътиборни бир касбга тайёрлашдан эмас, балки ўзгаришларга тайёр бўлган шахсни тарбиялашга қаратиши керак.
Бу ёндашув 2030 йилда ҳам, 2040 йилда ҳам, ҳатто 2100 йилда ҳам ўз самарасини беради.
