Ўқитувчини ҳақорат қилган ота-онага қандай жазо қўлланилади?

Ўқитувчини ҳақорат қилган ота-онага қандай жазо қўлланилади?

Конституциянинг 52-моддаси иккинчи қисмида давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Шунинг учун, педагогларни ҳақорат қилиш, уларнинг устидан кулиш ёки уларга туҳмат қилиш, унга босим ўтказиш кабилар мумкин бўлмайди.

 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсни ҳақорат қилиш, унга туҳмат қилиш тақиқланган. Бу ҳуқуқ ҳеч кимга берилмаган. Аксинча, мазкур қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.

 

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига мувофиқ ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш ҳисобланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Шунингдек, ушбу кодекснинг 40-моддасида туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 60 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Агар юқоридаги қилмишлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин 1 йил давомида қайта содир этилса, унда бу қилмишларга нисбатан Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларига кўра, жиноий жавобгарлик чораси қўлланади.

 

Бу ҳолатда туман ИИБга ва прокуратурага мурожаат қилиш лозим.

 

Аввалроқ, боғча ишларига аралашадиган ота-оналарга қандай чора кўрилиши ҳақида хабар берган эдик.