GPA бали қандай ҳисобланади?

GPA бали қандай ҳисобланади?

Одатда чет элда бакалавр ёки магистратура ўқимоқчи бўлган талабалар хорижий университетларга ҳужжат топширишда «GPA нима?», «GPA қандай ҳисобланади?» деган саволларга дуч келишади.

GPA нима?

 

Бакалавр ёки магистратура талабалари, шунингдек, мактаб ўқувчиларининг дарсларни қай даражада ўзлаштираётганлигини кўрсатиб турувчи ўртача баҳолар кўрсаткичи бу GPA деб аталади. Демак, GPA бу қандайдир имтиҳон ёки тест эмас.

 

GPA — Grade Point Average маъноси «ўртача балл кўрсаткичи» бўлиб, 1-4 шкалада диплом ёки аттестат (шаҳодатнома)даги баҳоларнинг ўртачасига қараб талабанинг дарсларни қай даражада ўзлаштирилганини акс эттиради. Бу ўртача баҳо кўрсаткичи, яъни GPA одатда университетга қабул қилинишда сизнинг университет стандартларига жавоб беришингиз ёки бермаслигингизни аниқлаб беради.

 

Шунингдек, хориж университетларига бакалавр ёки магистр даражасига ўқишга кирганингизда, сизнинг GPAнгиз эътибор берилиши керак бўлган энг муҳим нарсалардан биридир. Бу сизнинг талаба сифатида қандай билимга эгалигингизни кўрсатиши билан бир қаторда, университетдан грант ютиш ёки молиявий ёрдам олишингизда ҳам муҳим роль ўйнайди.

Ўзбекистон баҳолаш тизимида GPA қандай ҳисобланади?

 

1-қадам. Баҳоларингизни америкача тизимга ўтказинг.

 

Бунда:

 

– 5 баҳо=А= 4,0;

– 4 баҳо =B= 3,0;

– 3 баҳо =C=2,0;

– 2 баҳо =D= 1,0.

 

Агар баҳоларингиз баллик тизимда бўлса:

 

– 86-100 балл = аъло = 4,0;

– 71-85 балл = яхши = 3,0;

– 56-70 балл = қониқарли = 2,0;

– 0-55 балл=қониқарсиз=1,0.

2-қадам. Америкача тизимга ўтган (1-4) балларингизнинг ҳар бирини ўша фан ўтилган жами соатларга кўпайтиринг ва ҳамма натижаларни қўшиб, умумий йиғиндини топинг.

 

Масалан:

 

– 4*102 (Фалсафа)+ 3*189 (тарих)+ 3*151;

– (Она тили) +2*200 (Математика) = 1 828.

 

3-қадам. Барча фанлар учун умумий соатлар сонини ҳисобланг, масалан:

 

102 +189 + 151 + 200 = 642

 

4-қадам. Соатлар ва баҳолар кўпайтмалари йиғиндиси (1828)ни жами соатлар сони (642)га бўлинг:

 

1828 ÷ 642 = 2,84

 

Хулоса: тўртта фан бўйича GPA — 2,84.

 

Шунингдек, сиз америкача тизимга ўтказилган баҳоларингизни мана бу онлайн GPA калькулятор орқали осонроқ ҳисоблашингиз мумкин:

GPA бали қандай ҳисобланади?

 

Бунда сиз семестр давомида ўқилган фанни жами соатларини ва унинг тўғрисига фандан семестр охирида олган якуний баҳонгизни киритсангиз етарли, калькулятор ўзи ҳисоблаб беради.

 

Онлайн GPA калькулятор: https://oakland.edu/gpa-calculator/

 

Хориж университетларига кириш учун GPA талаблари қандай?

 

Чет элда ўқиш учун минимал GPA талаби университетга қараб фарқ қилади, лекин 2.0 GPA одатда учраши мумкин бўлган энг паст кўрсаткичдир. Бироқ, бундай паст ўртача кўрсаткичлар билан қабул қилиниш жуда қийин. Кўпгина Америка университетларида рақобатбардош номзод бўлиш учун камида 3,0 GPAни сақлашни тавсия қиламиз ва агар сиз нуфузли университетларга киришни истасангиз, унда 3,5 ёки баландроқ GPAга эга бўлишга ҳаракат қилишингиз керак.

 

Бу, албатта, агар сизда юқори GPA бўлмаса университетга қабул қилинмайсиз, дегани эмас. Сизнинг GPA баллингиз сиз ўлчанадиган мезонларнинг фақат бир қисмидир. Турли хил ўталган амалиётлар, SAT баллингиз ва бошқа бир қатор омиллар ҳам сизнинг университетга муносиблигингизни аниқлаш учун роль ўйнамай қолмайди.