Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 февралдаги 130-сон қарори билан «Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисидаги» низом янги таҳрирда тасдиқланган.
Янги таҳрирга кўра, ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралаш қуйидаги тартибда амалга оширилиши белгиланди:
1. Вазирлик ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагогларнинг Республика бўйича чекланган йиллик квотасини ҳар йили 20 январга қадар белгилайди.
2. Ишчи гуруҳ ҳар йили 1 февралга қадар квотани таълим ташкилотлари сони, фан йўналишлари бўйича фаолият юритиб келаётган педагоглар ҳамда тарбиячилар сонидан келиб чиқиб, «Мактабгача таълим», «Бошланғич таълим», «Филология фанлари», «Ижтимоий фанлар», «Аниқ фанлар», «Табиий ва иқтисодий фанлар», «Амалий фанлар» йўналишлари бўйича ҳудудлар кесимида тақсимлайди.
Ишчи гуруҳ томонидан квотага мос равишда тегишли йил учун Жамғарма ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралаб олиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
Биринчи босқичда – квота белгиланган йилдан аввалги йилнинг январь–июнь ва сентябрь–декабрь ойларида бўлиб ўтган таълим ташкилотлари педагогларини аттестациядан ўтказишнинг биринчи босқичи – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш натижалари ҳар йили 1 мартга қадар таҳлил қилинади ва номзодлар рўйхати шакллантирилади ҳамда иккинчи босқичга ўтказиладиган номзодлар қуйидаги тартибда танлаб олинади:
Ҳудудлар кесимида фан йўналишлари бўйича тақсимланган ҳар битта квота учун номзодлар орасидан малака синовларидан энг юқори натижани кўрсатган учта номзод танлаб олинади. Бунда:
– номзодлар малака синовларида бир неча маротаба иштирок этса ёки бир неча фандан иштирок этган тақдирда энг юқори натижани қайд этган фани бўйича ёки аттестация навбати танланади;
– агар номзод иккита фан бўйича ҳам номзод сифатида танлаб олинган тақдирда қайси фанни танлаш ўқитувчи томонидан амалга оширилади.
Номзодларнинг баллари тенг бўлган тақдирда, уларни танлаб олиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:
– номзоднинг амалдаги малака тоифаси даражаси юқорилиги;
– Вазирлик тизимидаги ташкилотлардаги кўп йиллик иш стажига эгалиги.
Юқоридаги барча ҳолатларда ҳам баллар тенг келиб қолган тақдирда, истисно тариқасида, педагогларнинг барчаси иккинчи босқичга ўтказилади.
Педагог ходимларга навбатдаги мажбурий аттестацияда мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини аниқлаш ҳамда ўқув фани бўйича малака синовидан имтиёз сифатида берилган максимал балл инобатга олинмайди.
Ушбу педагог ходимлар ҳамда навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган умумий ўрта таълим ташкилотларида фаолият юритаётган фан ўқитувчилари ва мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган тарбиячилар ўз хоҳишига кўра, тегишли йилда ташкил этиладиган аттестацияда навбатдан ташқари иштирок этиш орқали Жамғарма ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрларни саралашнинг 1-босқичида иштирок этишлари мумкин.
Иккинчи босқичда – биринчи босқич якунланганидан сўнг 60 иш куни ичида танлаб олинган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади.
Бунда суҳбат ўтказиш тартиби ва мезонлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруғи билан тасдиқланади. Суҳбат ўтказиш жараёни эса видеоёзувга олинади.
Иккинчи босқич жараёнлари якунида биринчи ва иккинчи босқич балларини қўшган ҳолда умумий баллар чиқарилади ҳамда энг яхши натижа эгаларга белгиланган квота доирасида устама белгиланади.
Саралаш натижаларига кўра, Жамғарма ҳисобидан ҳар ойлик устама олишга тавсия этилган умумтаълим ташкилотларининг малакали педагог кадрларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларига 2 баравари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Ҳар ойлик устама у белгиланган кундан бошлаб 9 ой давомида берилади. Бунда ходимнинг иш жойи, лавозими ўзгарган ҳолда ҳам унинг ҳар ойлик устамаси сақлаб қолинади ва белгиланган муддатга қадар тўланади.
