Боғча ишларига аралашишга ота-оналарнинг ҳаққи борми?

Боғча ишларига аралашишга ота-оналарнинг ҳаққи борми?

Савол: Ассалому алайкум, мен мактабгача таълим ташкилотида директор бўлиб ишлайман. Мени тайёрлов гуруҳимда битта татар аёл бор. Шу аёлдан 6 йилдан бери тинчлик йўқ, ишимизда. Ҳар ой битта арзимас сабаб деб келиб, тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи билан уришиб кетади. Доим ташкилот ишига аралашади. Бирон бир ходим ўз хоҳиши билан ишдан чиқиб кетса ҳам, мен билан келиб сўроқ савол қилади, нимага чиқариб юбординг, деб. Доим уни қизининг гуруҳига бола келса, уни суриштиради. Ҳар куни соат 10-11 да боласини олиб келади ташкилотга. Ота оналарнинг кириши мумкин бўлмасада, ўзи гуруҳигача олиб кириб қўяди. Эшик тагидаги ҳамшира, қоровул билан жанжаллашиб эшикни тепиб, кириб кетади. Уни устимиздан ёзишидан тўйиб индамаймиз, лекин ҳамма ташкилот ходимлари, мен ҳам шу аёлдан ёмон тўйдик. Жанжалларидан чарчадик. Бирон нарса десак, югуриб устимиздан ёзади. Шунга бу аёлга қонуний чора кўрса бўладими? Қандай йўл тутиш керак? Шунга ёрдам қилинг, илтимос.

 

Сиз таърифлаган ҳолатда мактабгача таълим ташкилоти раҳбар сифатида қонун асосида тартиб ўрнатиш ҳуқуқингиз бор.

 

Қонун асослари ва чора кўриш ҳуқуқингиз:

 

– «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонуннинг 39-моддасига кўра, ташкилотда ички тартиб-қоидаларга риоя этиш барча тарбияланувчиларнинг ота-оналари учун мажбурий.

– «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс» 183-моддасига мувофиқ, жамоат тартибини бузиш, жанжал чиқариш, таҳдид ёки ҳақорат учун маъмурий жарима ёки 15 суткагача қамоқ белгиланиши мумкин.

– Агар у шахсан ходимларга босим ўтказаётган, ҳақорат қилган ёки иш жараёнига тўсқинлик қилаётган бўлса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига биноан (ҳақорат қилиш) тегишли сектор профилактика инспекторига ёки халқ қабулхонасига мурожаат қилиш мумкин.

– Ташкилот раҳбари сифатида сиз расмий ички буйруқ чиқариб, ота-оналар учун кириш тартибини чеклаш ва уни бузган ҳолатда ёзма огоҳлантириш (предупреждение) бериш ҳуқуқига эгасиз.

 

Агар огоҳлантиришдан кейин ҳам тартибсизлик давом этса, расмий баённома тузиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс асосида чора кўрилишини талаб қилиш мумкин.