Вазирлар ёшлар, ота-оналар ва педагогларга гиёҳвандлик ва наркожиноятлар бўйича қўшма мурожаат йўллади

Вазирлар  ёшлар, ота-оналар ва педагогларга гиёҳвандлик ва наркожиноятлар бўйича қўшма мурожаат йўллади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ёшлар, ота-оналар ҳамда педагогларни гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатларидан огоҳликка чақиришга қаратилган қўшма мурожаат йўллади.

ㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤㅤ

Қадрли ёшлар, меҳрибон ота-оналар ва муҳтарам устозлар!

Фарзанд — инсоннинг дунёдаги энг азиз неъмати. Ота-она бўлиш жуда катта бахт. Шунинг учун ота-она боласини кўз қорасидай асрайди, ҳимоя қилади. Боласига яқинлашган ҳар қандай балодан ҳимоя қилиш учун кўксини қалқон қилади. Маънавиятли ўғил-қизлар буни яхши билган ҳолда азиз ота-оналарини бошларига кўтариб, ардоқлайдилар.

Азизлар!

Бу замонда ёшларга кўз тиккан таҳдидлар кўп. Шулардан бири– гиёҳвандлик балоси. Минг афсуски, мамлакатимизда ҳам айрим ёшлар билиб ёки билмай, вақтинчалик «завқ» излаб ёхуд осон пул топай, деб бу иллатга аралашиб қолиб, ўзларининг келажагини барбод қилмоқдалар. Болаларимизни бу балодан ҳимоя қилишга отланайлик. Акс ҳолда у ёшларимизнинг нафақат соғлигини, балки бўлажак оилаларни, ҳаттоки бутун жамият келажагини барбод қилади. Шундай экан, ҳар биримиз бу иллатга қарши қатъий ва бирлашган ҳолда курашишимиз зарур.

Ардоқли ёшлар!

Сиздаги соғлом фикр, кучли ирода, билимга ташналик — мамлакатимиз келажагининг асосидир. Ҳеч қачон «бир марта синаб кўраман» деб ўзингизни алдаманг. Гиёҳванд моддалар ҳаётингизни кемирувчи заҳар, эртанги орзуларни ўғирловчи иллат эканлигини унутманг. Гиёҳвандлик ҳамда наркожиноятчилик ҳар бир инсонга ва оиласига бахтсизлик олиб келади. Бутун жамиятнинг осойишталигига путур етказади.

Ҳурматли ота-оналар!

Фарзандларимизга эътиборли бўлайлик! Уларга ҳар куни ғамхўрлик ва меҳр кўрсатайлик. Улар билан очиқ мулоқот қилайлик, тинглайлик ва муаммоларидан бохабар бўлайлик. Ёшларга яхши фазилатларни ўргатиб, ёмон одатларни тарк этишни, шунингдек, тўғри ва нотўғри ишларни фарқлашни ўргатайлик. Уларнинг қалбида меҳр, ишонч ва маънавият бўлса, ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайдилар.

Жигарбандларимизни гиёҳвандлик балосидан асрашимиз учун барчамиз огоҳ ва ҳушёр бўлиб, биргаликда курашишимиз лозим.

Муҳтарам устозлар!

Ёш авлодни тарбиялашда сизнинг ролингиз беқиёс. Таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини ёшлар онгига етказиш — бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Ҳар бир дарс, ҳар бир суҳбат ёш қалбда соғлом фикр ва масъулият туйғусини уйғотиши лозим. Шогирдларимизни ўз фарзандларимиздек асрашимиз лозим!

Барчамиз бирлашайлик! Миллат хоинлари бўлмиш наркожиноятчиларга муросасиз ва кескин муносабатда бўлиб, уларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига фаол кўмаклашайлик.

Унутманг! Ўзбекистоннинг тинч ва соғлом келажаги – ҳар биримизнинг бугунги ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий ҳаракатимизга боғлиқ!