Сўнгги йилларда Тожикистондан Ўзбекистонга келиб, олий таълим олаётган ёшлар сони изчил ортиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда ўзбек университетларида 1443 нафар тожикистонлик талаба таҳсил олмоқда.
Халқаро стандартдаги таълим — арзонроқ нархда
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети (WIUT) битирувчиси хўжандлик Беҳруз Юсупов 2021 йилда Ўзбекистонда ўқишни танлаган.
«Ўша пайтда мен излаган асл нарса: арзонроқ нархда, уйга яқин, ғарб стандартларига мос таълим олиш ва шу билан бирга келажакда қайси йўналишга кетишни англаш учун вақт бўлиши эди», — дейди у.
Британия тизимида ишлайдиган WIUT (Foundation + 3 йил бакалавриат) Беҳруз учун идеал вариант бўлган. Унинг фикрича:
- Британия дипломи, аммо Буюк Британиядаги нархдан 10 баравар арзон;
- Хўжанддан 180 км масофа — хоҳлаганда дам олиш кунлари уйга бориш мумкин;
- Қулай логистика ва хавфсизлик.
Дастлаб у 1 йил ўқиб, бошқа чет эл университетига кўчмоқчи бўлган, аммо реаллик кутилганидан яхшироқ чиққан:
«Мен бу университетга ошиқ бўлдим, кўплаб дўстлар орттирдим, ўқишга қизиқиш пайдо бўлди ва тез ривожланаётган Тошкентда катта имкониятларни кўрдим».
Университет Беҳруз учун ижодий ўсиш майдонига ҳам айланган — айнан WIUT мусиқий клубида у вокал билан шуғулланишни бошлаган ва охир-оқибат тўртта қўшиқ чиқарган.
Шунингдек, у яқинда Эмиратес Авиатион Университй магистратурасига қабул қилинган. Унинг айтишича, WIUT унга халқаро карьера учун трамплин бўлган.
Минтақавий яқинлик ва маданий мослик
Яна бир WIUT талабаси Фируз Юлдашевнинг фикрича, мамлакат танлашдаги энг катта устунлик — бу маданий яқинлик:
«Одамлар, анъаналар, менталитет бизнинг мамлакатга жуда ўхшайди. Шу боис ўзимни жуда қулай ҳис қиламан», — дейди у.
Хусусан, Хўжанддан Тошкентга йўл 2–3 соат вақт олади — бу эса ота-онани тез-тез кўриб туришга имкон беради.
Фируз Юлдашев WIUT ни бир нечта сабабларга кўра танлаган:
- бу Лондон университетининг расмий филиали;
- дастур тўлиқ британча;
- битиргач, инглиз дипломини қўлга киритади;
- айнан шу даражадаги таълим Буюк Британия ёки Европада анча қиммат.
У Жанубий Корея, БАА ва Италияни ҳам кўриб чиққан, аммо якунда Ўзбекистонни танлаган — ота-онаси унга:
«Яқин, хавфсиз ва халқаро даражадаги таълим бор — айнан энг оптимал вариант», — деб маслаҳат берган.
Тиббиёт таълими ва қулай муҳит
Тошкент давлат тиббиёт университети талабаси Меҳрона Очилованинг фикрича, Ўзбекистон сифатли таълим олиш учун энг мақбул вариантлардан бири.
Унинг танловига таъсир қилган омиллар:
- Ўзбекистон олий таълим тизимини фаол равишда модернизация қилмоқда;
- халқаро стандартларга мос, замонавий таълим дастурлари очилмоқда;
- ўқиш ва яшаш нархи арзон, Россия ва Қозоғистонга қараганда ҳам тежамкор;
- уйга яқин — сафар харажатлари кам;
- рус ва инглиз тилларидаги дастурлар туфайли мослашиш осон.
У, шунингдек, ўқитувчиларнинг самимий ва қўллаб-қувватловчи муносабатини таъкидлайди:
«Ўқитувчилар дарс жараёнини қизиқарли қилишга ҳаракат қилишади. Бу эса талабаларнинг ўқишга қизиқишини оширади».
Қабул шартлари ва халқаро университетлар
Тожикистонлик ёшларнинг Ўзбекистонни танлашига сабаб бўлган омиллардан бири — хорижий абитуриентлар учун қулай қабул тизими. Кўплаб университетлар кириш имтиҳонларини соддалаштирган, онлайн тест ёки ички имтиҳон орқали ўқишга кириш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда кўплаб халқаро университетлар фаолият юритади.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро университетлар ва ўқиш нархлари:
| Университет | Мамлакат | Йиллик нарх |
|---|---|---|
| Wэбстер Университй | АҚШ | 48 168 сомоний (59 703 715 сўм) |
| Турин Политехника университети | Италия | 23 470 – 35 204 сомоний (30 351 026 – 45 525 246 сўм) |
| Инҳа Университй | Жанубий Корея | 48 437 сомоний (62 637 949 сўм) |
| Амитй Университй | Ҳиндистон | 32 291 – 46 130 сомоний (41 758 201 – 59 654 574 сўм) |
Нега айнан Ўзбекистон?
Халқаро рейтинглар ва дипломларнинг тан олиниши
Ўзбекистон университетларининг халқаро академик рейтингларда тобора кенгроқ иштирок этиши уларнинг жозибадорлигини оширишга хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон Миллий Университети ва Тошкент Ирригация ва Қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари миллий тадқиқот университети QS World University Rankings ва THE Impact Rankings рўйхатларига киритилган.
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг 9 та олийгоҳи QS Барқарор ривожланиш рейтингидан жой олганини хабар берган эдик.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг 12 та ОТМ «THE Impact Rankings 2025» рейтингида Топ-1000 талик рўйхатга кирганини хабар берган эдик.
Ўзбекистонда олинган дипломларнинг Тожикистонда тан олиниши учун ҳуқуқий асос сифатида 2018 йилдан бери амалда бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишув хизмат қилади.
Ўқиш ва яшаш харажатлари ҳам муҳим омил ҳисобланади. Кўплаб талабалар учун Ўзбекистондаги молиявий шароитлар узоқ хорижий мамлакатларга қараганда қулайроқ бўлиши мумкин.
Шунингдек, социокултурал омиллар ҳам катта аҳамиятга эга. Географик яқинлик, тарихий ва маданий боғлиқлик, шунингдек, академик муҳитда рус тилининг кенг тарқалганлиги, тожик талабалар учун тез ва қулай мослашишга ёрдам беради.




