Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг илк мавсуми ўтказилди.
Мазкур ташаббуснинг мантиқий давоми сифатида танловнинг навбатдаги мавсумига тайёргарлик бошланди.
Шу муносабат билан, ёш изланувчи-тадқиқотчилар ва талабаларни ўз илмий фаолиятлари бўйича содда ва оммабоп тилда мақолалар тайёрлаб, эълон қилиш ҳамда танловда фаол иштирок этишлари мумкин.
Танловдан кўзланган асосий мақсад – илмий-оммабоп газета ва журналларда эълон қилинган, кенг жамоатчиликка илмий билимларни тушунарли ва оммабоп тарзда етказишга хизмат қиладиган энг яхши материаллар муаллифларини аниқлаш ва рағбатлантиришдан иборат.
Қачон ариза топширилади?
Танловга ҳужжатлар топшириш 2026 йил май ойида бўлиб ўтади, шунинг учун ҳозирданоқ тайёргарликни бошланг!
Иштирок этиш учун нима қилиш керак?
– 2025/2026-ўқув йили давомида илмий-оммабоп газета ёки журналларда мақолангизни эълон қилинг;
– эълон қилинган материал (PDF шаклда) ва маълумотингиз билан май ойининг 1–10-санасида танловга ариза топширинг.
Танловда олийгоҳларда фаолият юритаётган 35 ёшгача бўлган ёш олимлар, изланувчилар ва талабалар иштирок этиши мумкин.
Ғолиблар қуйидаги миқдорларда пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин — БҲМнинг 25 баравари;
2-ўрин — БҲМнинг 20 баравари;
3-ўрин — БҲМнинг 15 баравари.
Асос: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2024 йил 22 ноябрдаги 441-сон буйруғига 1-илова
