Ногиронлиги бўлган ёки 3 ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган ўқитувчилар мустақил малака ошириши мумкин

Ногиронлиги бўлган ёки 3 ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган ўқитувчилар мустақил малака ошириши мумкин

Ҳукуматнинг 2024 йил 24 декабрдаги 867-сон қарорининг 27-бандига кўра, мустақил таълим орқали касбий маҳоратни ошириш — педагог ва мутахассис ходимлар томонидан ўз лавозими ва мутахассислиги бўйича мустақил равишда янги билимларни ўзлаштириш, малака, кўникма ва компетенцияларни шакллантиришни назарда тутади.

 

Уч ёшга тўлмаган ёш боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган педагог ва мутахассис ходимлар мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда ўз аризасига мувофиқ электрон платформа орқали мустақил малака ошириши мумкин.

 

Бунда:

 

– касбий ривожлантириш таълим ташкилоти мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари педагогик кенгашларининг қарори ҳамда педагог ва мутахассис ходимларнинг аризаси асосида тингловчининг мустақил малака ошириши бўйича тегишли буйруқни расмийлаштиради;

 

– мустақил малака ошириши белгиланган тингловчиларнинг якуний аттестацияси Касбий ривожлантириш таълим ташкилотида тузилган комиссия томонидан бевосита ташкил этилади. Уларнинг оралиқ назоратлари электрон платформа орқали ташкил этилади;

 

– мустақил таълим шаклидаги малака ошириш курси дастурини тўлиқ ўзлаштирган ва якуний аттестацияда ижобий баҳоланган тингловчиларга белгиланган тартибда сертификат берилади.

 

Низомнинг 28-бандига асосан малака оширишнинг муқобил (таълим дастурларисиз малака орттириш) шакллари қуйидагилардан иборат:

 

– дарсликка муаллифлик қилиш;

 

– докторлик илмий даражасини олиш учун диссертацияни ҳимоя қилиш;

 

– халқаро ва республика миқёсидаги илмий анжуманларда (семинар, конференция, симпозиум ва бошқаларда) маъруза билан иштирок этиш;

 

– илмий-тадқиқот натижалари асосида халқаро индексацияланган базаларда (Scopus, Web of Science) эътироф этилган журналларда мақола нашр этиш;

 

– рўйхати Вазирлик томонидан тасдиқланадиган бошқа фаолиятлар.

 

Вазирлик томонидан ҳар йили келгуси календарь йил учун муқобил малака ошириш сифатида тан олинадиган фаолият турлари ва уларнинг амал қилиш муддатлари рўйхати тасдиқланади.