Аттестациядан норози ўқитувчилар суд учун йиғилган пулларни хайрия қилиб юборди

Аттестациядан норози ўқитувчилар суд учун йиғилган пулларни хайрия қилиб юборди

Жорий йилнинг 30-31-октабр кунлари инглиз тили ўқитувчилари учун аттестация тест синовлари бўлиб ўтган эди. Аммо, имтиҳонда қатнашган педагогларнинг катта қисми аттестация натижаларидан норози бўлганди.

 

Ҳатто, аттестация натижаларидан норози педагоглар Telegramда алоҳида гуруҳ ҳам ташкил қилди. Мазкур гуруҳ жуда қисқа вақтда 19 минг нафардан ортиқ инглиз тили ўқитувчиларини ўзида жамлаган.

 

Кейинроқ имтиҳонда қатнашган педагогларнинг катта қисми аттестация натижаларидан норози бўлиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримовага, кейинроқ Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага ҳам мурожаат қилган.

 

Инглиз тили ўқитувчиларининг мурожаатларига Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги эътибор қаратмагач, инглиз тили ўқитувчилари ҳам вазирликни судга беришга қарор қилганди.

 

Шундан сўнг, адвокатлик хизмати ва бошқа харажатлар учун ўқитувчилар кўнгилли равишда ўзаро келишиб, пул йиға бошлашди. Бу орқали жами 35 миллион 180 минг сўм маблағлар йиғишга эришилган. (Шу ўринда бир ўқитувчи 14 млн сўм, яна бир собиқ педагог эса ўз чўнтагидан 3 млн сўм суд харажатлари учун маблағ ажратди.)

 

Норозилик кўлами кенг тус олаётганини сезган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий- амалий марказига инглиз тили фани ўқитувчиларни юзма-юз муҳокама учун таклиф қилди.

 

Шундан сўнг, инглиз тили ўқитувчилари номидан вакил Ҳасанбой Расулов, таълим масалалари бўйича эксперт Комил Жалилов, Таълим сифатини таъминлаш агентлиги директори ўринбосари Сардор Рахимбоев, Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори Дилрабо Давидова ҳамда бир қанча хорижий экспертлар иштирокида учрашув ўтказилди.

 

Учрашувда вакилларга инглиз тили ўқитувчиларига аттестацияда тушган тест топшириқлари базасини таҳлил қилиш имконини берилиб, улар барча тестларни шахсан ўзлари бирма-бир таҳлил қилиб чиқди.

 

Маълум бўлишича, инглиз тили ўқитувчилари аттестацияси атрофида юзага келган норозиликлар асосан тест топшириқлари мазмуни, уларнинг мураккаблиги ва баҳолаш мезонларига оид бўлган. Аммо, унда жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйилмаган, айрим баҳсли саволлар эса инглиз тили ўқитувчилари вакилларига изоҳи билан тўлиқ тушунтириб берилган.

 

Шунингдек, таҳлил жараёнида нотўғри тузилган тест саволлари аниқланган бўлса ва буни Марказ вакиллари тан оладиган бўлса, ушбу саволлар учун ўқитувчиларга қўшимча балл қўшиб бериш масаласи ҳам кўриб чиқилиши маълум қилинган.

 

Вазирлик ҳамда ўқитувчилар ўзаро келишиб олганлиги учун улар вазирликни судга бермасликка, адвокатлик хизмати ва бошқа харажатлар учун йиғилган маблағларни хайрия қилиб юборишга қарор қилган.

ʼЪИнглиз тили ўқитувчилари биргалашиб, тегишли ташкилотларни судга бериш учун адвокат хизматига сумма жамғаришга ҳам улгуришган эди. Кейинчалик инглиз тили ўқитувчиларидан вакил бўлиб, устоз Комил Жалилов билан биргаликда тегишли масъуллар билан бир стол атрофида барча инглиз тили ўқитувчиларининг норозиликларини етказишга ҳаракат қилдик, масъуллардан бир қанча ўзгаришлар бўлиш ваъдасини олиб, судга беришга эҳтиёж қолмади деб ҳисобланган эди.

Адвокат хизмати учун йиғилган сумма эга-эгаларига қайтариб берилди ва қайтариб олишни истамаган устозларнинг умумий маблағлари хайрия учун йўналтирилиши келишиб олинди. Бугунга қадар жами 35 миллион 180 минг сўм маблағлар йиғилди.

Ушбу маблағларнинг асосий қисми (30 та одамга) журналист Аброр Зоҳидов билан ҳамкорликда муолажа олаётган ва муҳтожлиги бор болаларга ўтказиб берилди. 5 та ҳолатда эса бевосита мурожаат қилган инглиз тили устозларга ёрдам кўрсатилди.

Шундай қилиб, аттестациядан норози бўлиб бошланган ҳаракат, якунда яхшилик билан якун топди. Баҳорги аттестацияларда ижобий ўзгаришлар кутиб қоламиз», — дейди ўқитувчилар вакили Ҳасанбой Расулов.