Австралия ва Янги Зеландияда 80 га яқин мактаб ёпилишига ўйингоҳ қумларидан топилган заҳарли моддалар сабаб бўлди

Австралия ва Янги Зеландияда 80 га яқин мактаб ёпилишига ўйингоҳ қумларидан топилган заҳарли моддалар сабаб бўлди

The Independent нашрининг хабар беришича, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Австралия ва Янги Зеландиядаги тахминан 80 мактаб ўйин майдончалари учун ишлатиладиган рангли қумларда зарарли асбест аниқлангани сабабли ёпилган.

 

Лаборатория текширувлари бир қанча машҳур ўйин қумларида тремолит ва хризотил асбести мавжудлигини тасдиқланган. Бу маълумотлар ўтган ҳафта пайдо бўлган. Австралиядаги хавфсизлик назорати Educational Colours компанияси етказиб берган қумни мамлакат бўйлаб қайтариб олишни эълон қилган.

 

Кўп ўтмай,  Kmart ва Target ҳам баъзи маҳсулотларини , жумладан, 14 қисмли «Қумдан қалъа ясаш тўплами» ва кўк, яшил ҳамда пушти рангли «Magic Sand» қумларини сотувдан қайтариб олган.

 

Асбест — табиий, заҳарли, канцероген ва толали силикат минераллар гуруҳига киради. У ўзининг ёнғинга чидамлилиги сабабли турли изоляцион материалларда қўлланилган. Кўплаб мамлакатларда асбестдан фойдаланиш қонун билан тақиқланган, хусусан, Австралияга уни олиб кириш 2003 йилдан бери ман этилган. Шунга қарамай, ҳар йили тахминан 255 минг киши асбест билан боғлиқ касалликлар оқибатида вафот этади.

 

Ҳолат юзасидан Educational Colours компанияси ўз сайтида шундай баёнот берган:


«Мустақил лаборатория текширувлари Rainbow Sand ва Coloured Sand маҳсулотларининг айрим намуналарида табиий тремолит асбести изларини аниқлади. Мутахассислар хавф жуда пастлигини айтган бўлсада, биз эҳтиёт чораси сифатида маҳсулотларни қайтариб оляпмиз».

 

Компания истеъмолчиларга қумдан дарҳол фойдаланишни тўхтатишни ва уни оддий чиқиндига ташламасликни тавсия қилмоқда. Қум икки қават қалин пластик пакетга солиниб, маҳкам ёпилиши, «Очманг – Асбест бўлиши мумкин» деб белгиланиши ва болалардан узоқда сақланиши керак.

 

Австралия рақобат ва истеъмолчилар комиссиясига кўра, лаборатория текширувлари модданинг ҳавога тарқалмаслигини кўрсатган, яъни қум эзилмагунча ёки майдаланмагунча хавф мавжуд эмас. Текширувлар натижасида Канберрадаги 71 мактаб 17 ноябрь куни вақтинча ёпилган ва мутахассислар қумни йиғиш ҳамда хавфсиз йўқ қилиш ишларини бошлаган. Ҳукумат бу қарорни ўқувчилар, ходимлар ва жамоат хавфсизлиги нуқтаи назаридан қабул қилганини билдирган.

 

Бошқа штатлар эса енгилроқ чоралар кўрган. Янги Жанубий Уэлсда фақат огоҳлантириш берилган, Жанубий Австралия ва Квинслендда эса қумни муомаладан чиқариш ва етказиб берувчиларни текшириш ишларини олиб бормоқда. Янги Зеландияда эса 17 ноябрь куни камида 8 мактаб ёпилган, шунингдек, 150 га яқин мактаб ва боғча вазият бўйича қандай чоралар кўриш кераклигини расмийлардан сўраб мурожаат қилган.

 

Kmart компаниясининг ҳолат юзасидан баёнотида шундай дейилади:


«Биз учун маҳсулотлар хавфсизлиги — биринчи ўринда. Ҳар қандай эҳтимолий хавф бўлса, тезкор чоралар кўрамиз. Янги Зеландия регулятори бизга «Active Sand Tub» тўпламида асбест моддаси аниқланганини билдирди. Шу сабабли барча қумга оид ўйинчоқларни савдодан олиб ташлаяпмиз ва тўртта Аnko брендидаги маҳсулотни қайтариб оляпмиз».