Ўзбек ва ҳинд тилларини ўзаро ўрганиш йўналишида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш таклифи билдирилди

Ўзбек ва ҳинд тилларини ўзаро ўрганиш йўналишида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш таклифи билдирилди

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (ICCR) бош директори К. Нандини Сингла билан учрашув ўтказиб, ўзбек талабалари учун Ҳиндистон олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятларини кенгайтириш, квоталарни ошириш ва йўналишлар рўйхатини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

 

Учрашув давомида томонлар кўп қиррали маданий-гуманитар ҳамкорликни, шу жумладан, таълим ва академик алмашинув соҳасидаги шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалий қадамларни белгилаб олди.

 

– Биз оддий ҳамкорлар эмасмиз, балки умумий маънавий илдизлар билан боғланган халқлармиз. Маданият ҳар доим ўзаро муносабатларимизга чуқур озиқлантирувчи муҳит бағишлаб келган, – дея таъкидлади элчи Сардор Рустамбоев.

 

Ўзбекистон томони қатор амалий таклифларни илгари сурди. Жумладан:

 

– таниқли ўзбек рақс жамоалари ва анъанавий қўшиқ ижрочиларининг Ҳиндистонда гастролларини ташкил этиш;

 

– Ҳиндистон шаҳарларидаги галерея ва кўргазма майдончаларида ўзбек рассомлари ва ҳунармандларининг кўргазмаларини уюштириш;

 

– ўзбек ва ҳинд тилларини ўзаро ўрганиш йўналишида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш.

 

Алоҳида тартибда ўзбек талабалари учун Ҳиндистон олий таълим муассасаларида ажратилаётган квоталар сонини ошириш ва мутахассисликлар рўйхатини кенгайтириш масаласи кўриб чиқилди.