2025 йил 3 ноябрда Президентининг «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-207-сонли фармони қабул қилинди.
Унга кўра, ота-оналарнинг фарзандлари томонидан наркотик моддаларни истеъмол қилиш ҳолатини ихтиёрий равишда текшириб бориш имкониятини яратиш мақсадида 2026 йилнинг биринчи ярмида экспресс наркотестлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида тажриба-синов тариқасида «Антинарко» ёшлар фронт-офислари фаолияти йўлга қўйилади. Волонтёрлар жамоаси томонидан гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши манзилли тарғибот ишлари олиб борилади.
2026 йил февралдан наркожиноят содир этишга мойил (содир этаётган) ўқувчи ва талабаларни аниқлаган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига хабар берган педагогларни рағбатлантириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.
Наркожиноятга алоқадор ўқувчи ва талабалар ҳақида аноним хабар бериш имкониятини яратиш мақсадида барча таълим муассасаларида ички ишлар органлари томонидан муҳрланадиган махсус қутилар ўрнатилади ва келиб тушган хабарларни текшириш амалиёти йўлга қўйилади.
Синов тариқасида Тошкент шаҳридаги 10 та мактабда 9-11 синф ўқувчилари билан аноним сўров ўтказиш орқали хавф гуруҳи аниқланиб, улар билан психологлар кўмагида профилактик тадбирлар амалга оширилади.
