Президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги ПҚ–328-сон қарори билан «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–61-сон қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур ҳужжат билан битирувчиларнинг иш билан таъминланишига қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Жумладан, эндиликда:
– битирувчилар ва уларни ишга олган тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилади;
– «Келажакка қадам» дастури тижорат банклари ўртасида кенгайтирилади;
– олий таълим дастурларига бизнес кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган фанлар киритилади;
– битирувчилар бандлигини мониторинг қилиш тартиби янгиланади;
– битирувчилар томонидан амалга ошириладиган стартап ва инновацион лойиҳалар грант маблағлари орқали қўллаб-қувватланади.
Қарорга мувофиқ, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағ ажратилиб, у ваколатли тижорат банклари ўртасида тақсимланади. Ушбу маблағ битирувчилар амалиётини молиялаштириш, стартап ва инновацион лойиҳаларга грантлар бериш ҳамда тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун йўналтирилади.
