Қирғизистонда мактабларда энергияни тежаш режими жорий этилди. Бу ҳақда мамлакат Таълим вазирлиги хабар берган.
Мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 5 ноябрдаги «Электр энергияси тақчиллигини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 949-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинган.
Таълим вазирлиги қайд этишича, энергияни тежаш бўйича чекловлар биноларнинг ишлаши ва уларни сақлаб туришга хизмат қиладиган муҳандислик тизимлари ва ускуналарга нисбатан қўлланилмайди. Янги чоралар ўқувчилар истиқомат қиладиган ётоқхоналар ва бошқа объектларга ҳам татбиқ этилмайди.
Шу билан бирга, вазирликнинг таъкидлашича, ўқув соатларини қисқартириш ёки дарс жадвалини ўзгартириш режалаштирилмаган, яъни ўқув жараёни одатдагидек давом этади.
Энергетика соҳасидаги мутахассислар маълум қилишича, Қирғизистонда куз-қиш мавсумида электр энергияси танқислиги кузатилмоқда. Бунга мамлакатдаги энг йирик Тўхтагул ГEСни таъминлайдиган сув омборидаги сув сатҳининг пасайиши сабаб бўлмоқда.
Республика Энергетика вазирлиги электр энергияси тақчиллигини камайтириш учун бир қатор қўшни давлатлардан, жумладан Россиядан электр импорт қилишни режалаштирган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қирғизистон президенти Садир Жапаров октабр ойида берган баёнотида «2,5 йилдан кейин мамлакат қишда ўзини электр энергияси билан тўлиқ таъминлай олади» деган эди.
Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон 2024 йилда 3,6 миллиард кВт/соат электр энергиясини импорт қилган бўлиб, мамлакат Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси харид қилади.
