Буюк Британиянинг Higher Education Policy Institute (HEPI) ташкилоти олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишни таклиф қилди.
«A Call for Radical Reform: Higher Education for a Sustainable Economy» номли янги ҳисоботда университетлар анъанавий тўлиқ бакалавриат дастурлари ўрнига қисқа муддатли, модуль асосидаги таълим шаклларини кенгайтиришга чақирилган.
Ҳисобот муаллифи, «The Open University» собиқ ректори Тим Блэкмен, тўлиқ вақтли бакалавриат модели «ортиқча харажатли ва иқтисодий жиҳатдан барқарор эмаслигини» таъкидлади.
Унинг фикрича, қисқа муддатли курслар ва ҳаёт давомида ўқитиш тизимлари меҳнат бозори эҳтиёжларига тезроқ мослашади ҳамда талабалар учун янада қулай имкониятлар яратади.
Институт директори Ник Ҳиллман мазкур тавсияларни «олий таълим сиёсатини янгилаш учун муҳим қадам» деб баҳолади. Унга кўра, университетлар жамиятда экологик масъулиятни ошириш, ахборот ишончлилигини таъминлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшишда фаолроқ бўлиши керак.
