Хабарингиз бор, айни дамда педагогларнинг малака тоифасини аниқлаш бўйича аттестация жараёнлари қизғин давом этмоқда. Ушбу жараён орқали ўқитувчиларнинг билим ва касбий маҳорати баҳоланиб, уларга малака тоифалари ҳамда устамалар белгиланмоқда.
Бухоро вилояти, Қоракўл туман ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчиси Жаҳонгир Мирзақулов математика ва инглиз тили йўналишида ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган аттестация синовларида Жаҳонгир Мирзақулов математика фанидан 98 балл тўплаб, олий тоифани қўлга киритди ҳамда 70 фоизлик устамага эга бўлди.
Ҳозирда ўтаётган малака синовларида эса у инглиз тили фанидан 90 балл тўплаб, яна олий тоифани қўлга киритди. Шу билан бирга, математика фанидан ўз натижасини 98 балл билан «Йил ўқитувчиси» танловининг номзодлар рўйхатидан ҳам ўрин олди.
Аввалроқ, бугунги малака синовларида юқори натижа кўрсатган математика фани ўқитувчилари эълон қилинганлиги ҳақида ҳам хабар берган эдик.
