Данияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланади

Данияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланади

Данияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланади. Бироқ ота-оналар 13 ёшдан кичик бўлмаган болаларга айрим платформалардан фойдаланиш учун рухсат беришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда «Reuters» ахборот агентлиги хабар берди.

 

Бу қарор Дания бош вазири Метте Фредериксеннинг ўтган ой парламентдаги очилиш нутқида болалар руҳий саломатлиги бўйича хавотирлар сабабли ижтимоий тармоқларга чекловлар киритиш зарурлиги ҳақидаги чақириғидан сўнг қабул қилинган.

Рақамли технологиялар вазири Каролайн Стаге Олсен «Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар болаларимизнинг вақтини, болалигидаги хотираларини ва фаровонлигини ўғирлаш орқали ривожланмоқда ва биз бунинг олдини энди олмоқчимиз», – деган.

Парламентдаги партияларнинг кўпчилиги ушбу режа учун овоз беришини билдирган.

 

Ҳукуматнинг маълум қилишича, Дания болалари орасида энг кўп ишлатиладиган платформалар SnapchatYouTubeInstagram ва TikTok ҳисобланади.

 

Дания рақобат ва истеъмолчилар агентлигининг жорий йил февраль ойидаги таҳлилига кўра, мамлакатдаги ёшлар ҳар куни ўртача 2 соат 40 дақиқа вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади. Шу тариқа Дания ўтган йили 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаган Австралиядан кейин шундай чорани қўллаган навбатдаги мамлакат бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларни бутунлай тақиқлаш таклиф қилинаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.