«Собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган» — Сурхондарё вилояти ММТБ

«Собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган» — Сурхондарё вилояти ММТБ

Ижтимоий тармоқларда Қумқўрғон туманидаги 39-умумтаълим мактабида ўқитувчи экани айтилаётган аёл бензин қўйиб ўзини ёқиб юбормоқчи бўлган видео тарқалди.

 

Унда аёл ерда турган бензинни олиб очмоқчи бўлганида атрофдаги ўқитувчилар уни тўхтатишга уринган.

 

Ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.

 

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қумқўрғон туманидаги 39-сонли умумий ўрта таълим мактабида юз берган ҳолат бўйича қуйидагилар маълум қилинади:

 

Мазкур мактаб Арпапоя маҳалласида жойлашган бўлиб, у ерда 2010 йилдан 2025 йил 16-центабргача З.А. директор лавозимида ишлаган. Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг 2025 йил 16-центабрдаги буйруғи билан З.А. билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ бекор қилинган.

 

Шундан сўнг, собиқ директор янги раҳбар фаолиятини бошлашига қаршилик кўрсатган. 2025 йил 13-октабр куни мактабда тайинлов ҳужжатлари топширилиши чоғида З.А. томонидан фаол қаршилик бўлган, бироқ ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

 

Бошқарма қарорига кўра, 39-сонли мактаб раҳбарлигига тегишли тартибда Э.А. тайинланди. Бугунги кунда мактабда ўқув жараёни барқарор ҳолатда давом этмоқда», дейилади хабарда.