Мактабларда дарслар тақсимланиши бўйича мезонга ўзгартириш киритилди

Мактабларда дарслар тақсимланиши бўйича мезонга ўзгартириш киритилди

Аввалроқ, жорий йил 28 октябрда ММТВ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

 

 

Унга кўра, умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:

 

 

– олий малака тоифасига эга ўқитувчилар (аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

 

– дарс берадиган фанидан педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчилар (сертификатнинг белгиланган даражаси ва амал қилиш муддатига кўра);

 

– биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

 

– иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);

 

– олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;

 

– қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар (ўқитувчида қайта тайёрлаш мутахассислиги бўйича мазкур банднинг иккинчи – олтинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлганда тааллуқлилигига кўра тегишли кўрсаткичлар мавжуд бўлган ўқитувчилар билан тенг устуворликка эга бўлади);

 

– ўриндошлик асосида ишлаётган олий маълумотли ўқитувчилар;

 

– олий таълим муассасаларининг педагогика йўналиши бўйича учинчи ва ундан юқори курс талабалари;

 

– олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар (фақат бошланғич синфларда дарс берувчи ўқитувчилар учун);

 

– олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.

 

 

Бошланғич синфларда ўқитиладиган фанлар бўйича дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчиларнинг бошланғич таълим мутахассислигига эгалиги ёки ушбу фанни бошланғич синфларда ўқитиш методикаси бўйича таълим олганлиги инобатга олинади.

 

 

Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.