Тоифа синовлари бўйича ўқитувчиларнинг мурожаати юзасидан вазирлик муносабат билдирди

Тоифа синовлари бўйича ўқитувчиларнинг мурожаати юзасидан вазирлик муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда республика инглиз тили фани ўқитувчилари номидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозахон Каримовага мурожаат сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.

 

 

Мурожаат хатига кўра, аттестация синовида тест саволлари ҳаддан ташқари мураккаб тузилгани, саволларда мантиқий ва лингвистик хатолар борлиги, тест материаллари валидлик ва ишончлилик талабларига жавоб бермаслиги ва айрим ҳолларда тестологлар томонидан атайин мураккаблаштирилган саволлар қўлланилгани таъкидланган.

 

 

 

 

Тоифа синовлари бўйича ўқитувчиларнинг мурожаати юзасидан вазирлик муносабат билдирди

Бу бўйича Таълим хабарлари сайти мухбири Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот котиби билан боғланганди. Бироз ўтиб, вазирлик саҳифасида расмий муносабат билдирди.

 

«Ижтимоий тармоқларда малака-синов (аттестация) жараёнлари ҳақида турлича фикрлар, баҳслар пайдо бўлмоқда.

 

Ҳурматли педагоглар!

 

Аттестация натижаларидан норози бўлган педагоглар тест жараёнининг ўзида платформа орқали тегишли тест топшириғи бўйича эътирозларини ёзиб қолдиришлари мумкин.

 

Шунингдек, натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида педагог.узеду.уз платформасидаги шахсий саҳифалари орқали ёки ёзма шаклда апелляция мурожаатини юбориш ҳуқуқига эга.

 

Вазирлик ҳар бир тест топшириғи ва билдирилган эътироз юзасидан асосли изоҳ беришга тайёр эканлигини маълум қилади. Бунинг учун (71) 207-79-79 телефон рақамлари ҳам доимий ишлаб турибди.

 

Афсуски, жараёндан ўз фойдаси йўлида фойдаланишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Етарли балл тўплай олмаган педагоглардан турли чора-тадбирлар учун (адвокат хизмати 100 млн сўм) маблағ йиғишга даъватлар, аттестациядан ўтказиб қўйиш билан боғлиқ турли асоссиз таклифлар ҳамда айрим тест саволларини нотўғри шаклда, мазмунини ўзгартириб ижтимоий тармоқларга тарқатиш ҳолатлари содир бўлмоқда. Бу бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

 

Вазирлик ҳар бир мурожаатларни кўриб чиқиб, изоҳ беришга тайёрлигини яна бир бор эслатади. Агар тақдим этилган изоҳлардан педагог қониқмаса, у ҳолда суд тартибида мурожаат қилиш имконияти мавжуд. Бундай ҳолларда низолар амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 

Шунингдек, ОАВ билан ҳам ҳамкорлик, саволларга очиқ жавоб беришга тайёрлигимизни ҳам маълум қиламиз. Яқин орада матбуот анжумани ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

 

Ҳурматли педагоглар, унутманг, фаолиятингизга доир ҳар бир муваффақият ўз билимингиз ва касбий салоҳиятингиз ортидан келади. Вазирлик доимо ўқитувчиларни қўллаб-қувватлайди, педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилади», дейилади муносабатда.

 

Шунингдек, вазирлик яқин орада матбуот анжумани ташкил этишини режалаштираётганини маълум қилган.