Қўқонда мактаб ҳовлисида карта ўйнаган ўқувчилар иши бўйича интизомий чора кўрилди

Қўқонда мактаб ҳовлисида карта ўйнаган ўқувчилар иши бўйича  интизомий чора кўрилди

Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги 11-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари дарс пайтида карта ўйнаб ўтиргани ҳақида хабар тарқалди.

 

 

Ҳолат юзасидан мактабгача таълим бошқармаси муносабат билдирди. Унга кўра, мазкур ҳолат тегишли тартибда ўрганиб чиқилган. Ўрганиш жараёнида ҳозирда ушбу таълим муассасасида 1317 нафар ўқувчи таълим ва тарбия олаётгани, дарс машғулотлари белгиланган жадвал асосида ташкил этилгани ҳамда ўқувчилар уларда фаол иштирок этаётгани аниқланган.

 

 

Жорий йилнинг 30 октябрь куни дарс машғулотлари тугаганидан сўнг, мактабнинг 8-«А» синф ўқувчиси М.О. ҳамда 10-«В» синф ўқувчиси С.А. уйларига кетмай, мактаб ҳовлисида карта ўйнаб ўтирган. Мазкур ҳолатга мактаб ўқитувчилари ва раҳбарияти томонидан эътибор қаратилмаган, масъуллар бунга лоқайдлик билан муносабат билдирган.

 

 

Маълум қилинишича, амалдаги белгиланган тартибга зид равишда ички қоидаларга риоя қилмаганликлари, уларни қасддан бузганликлари сабабли мазкур тартиббузар ўқувчиларнинг ота-оналарига (бирининг онасига, иккинчисининг отасига) ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилган.

 

 

Шунингдек, ўқувчиларни назоратсиз қолдирганликлари ва ўз лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликлари учун мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари Х.М., Ш.Ғ., ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари Х.С., Х.М., шунингдек, тартиббузар ўқувчиларнинг синф раҳбарлари ҳамда мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи Ф.У. га нисбатан интизомий «ҳайфсан» жазоси қўлланилди

 

 

Ушбу салбий ҳолат мактаб педагогик жамоаси йиғилишида муҳокама қилиниб, келгусида бундай таълим-тарбияга зид ҳолатлар такрорланмаслиги бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланганлигини маълум қиламиз, дейилади хабарда.