Меҳнат кодексининг 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга.
Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқейи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.
Пенcионер ўқитувчига дарс соатларини беришда қандайдир чекловлар йўқ. Пенcионер ҳам максимал дарс соати олиши мумкин.
«Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида» низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3271) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон «Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда ўқитувчиларнинг тарификация рўйхатларини шакллантириш тартибини белгилайди.
Умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15-cентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари низомнинг 15-бандидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.
Низомнинг 15-бандидаги кўрсаткичларнинг кетма-кетлик асосида устунликка эга бўлган ўқитувчиларга дарс соатларининг максимал миқдорлари белгиланиши тавсия этилади.
Бундан ташқари, низомнинг 19-бандига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда бола парваришидан қайтган ўқитувчиларга, шунингдек, ишловчи пенcионерларга дарс соатлари меҳнат қонунчилигига асосан мазкур низомнинг 15-бандида белгиланган кўрсаткичлар устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади.
Яъни агар пенcионер ўқитувчи ҳам низомнинг 15-бандидаги кўрсаткичларнинг кетма-кетлик асосида устунликка эга бўлса, максимал миқдорда яъни 30 соатгача дарс олиши мумкин.
