Савол: Мен август декабрь ойларида ўтказиладиган аттестацияда иштирок этиш учун мурожаат юборган эдим. Аттестация турини танлашда навбатдаги-мажбурийни танлаган эдим, сабаби бу менинг биринчи аттестациям эди. Лекин, менга аттестация тури нотўғри танланган деб РАД ЖАВОБИ келди. Шундай бўлиши мумкинми?
Жавоб: Мумкин, албатта. Биринчи марта аттестацияда иштирок этаётган педагоглар фақат навбатдаги-мажбурий аттестацияда иштирок этишлари кераклиги тўғрисида талаб мавжуд эмас.
Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарорининг 4-бандига кўра, педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Иш стажига тўлиқ уч йил тўлмаган педагоглар навбатдан ташқари аттестацияда иштирок эта оладими?
Олий таълим муассасасини тамомлаб, иш стажига тўлиқ уч йил тўлмаган педагоглар ўз ихтиёрларига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этишлари мумкин (бу улар учун биринчи аттестация ҳисобланади).
Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин.
Навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайдиган педагог кадрларнинг амалдаги малака тоифалари (лавозимлари) сақланиб қолади ҳамда уларга таълим ташкилотларида ишлаган даврида мазкур малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.
Навбатдан ташқари аттестациядан ўта олмаган ўқитувчига ҳақ тўлаш тартиби
Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини (лавозимини) оширган ёки сақлаб қолган педагог кадрларга оширилган ёки сақлаб қолинган малака тоифаси (лавозим) бўйича ҳақ тўланади.
Ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) туширилмайди ҳамда уларга навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишдан олдин амалда бўлган малака тоифаси (лавозими) бўйича ҳақ тўланади.
Илк бор ишга кирган ўқитувчиларга қуйидаги тартибда малака тоифаси (лавозим) берилади
Низомнинг 10-бандига мувофиқ илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрларга аттестацияга жалб этилгунга қадар қуйидаги тартибда малака тоифаси (лавозим) берилади:
– бакалавр даражасига эга педагог кадрларга — мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими;
– магистр даражасига эга мутахассисларга, шунингдек, олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотли педагог кадрларга — иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);
– фан номзоди, фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси томонидан берилган катта илмий ходим, доцент ва профессор илмий унвонига эга бўлган педагог кадрларга — олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).
