Хабарингиз бор, жорий йилнинг 22 октябридан 31 октябригача 2025-2026- ўқув йили доирасида «Менинг мактабим» лойиҳасининг биринчи босқичига таклиф киритиш жараёнлари бўлиб ўтади.
Бунда мактаб ўқувчилари таклиф киритиш учун openbudget.uz сайти орқали «Менинг мактабим» бўлимидаги «Иштирок этиш» тугмасини босишлари керак.
Мазкур бўлимда ҳудуд бўйича жойлашган мактаб танлаб олинади ва «Лойиҳа киритиш» тугмаси босилади. Сўнг лойиҳа киритишда «Шаблон орқали» ва «Мустақил яратиш» майдонлари пайдо бўлади.
Бу ерда сиз хоҳишингизга кўра тугмалардан бирини танлайсиз. Масалан, агар «Шаблон орқали» тугмасини боссангиз, сизга 50 га яқин намунавий лойиҳалар тақдим этилади. Улар орасидан ўзингизга кераклисини танлаб, синфингиз ва исм-шарифингизни белгилагандан сўнг, калит сўзни киритасиз.
Эслатиб ўтамиз, сиздан талаб қилинадиган калит сўз e-maktab тизимига боғланган. Яъни айнан сиз учун масъул бўлган яқин қариндошларингизнинг телефон рақамларига СМС шаклида юборилган бўлади.
Ушбу кодни улардан олиб сир сақлаган ҳолда калит сўз сифатида фойдаланишингиз мумкин.
Агар сиз мустақил равишда таклиф киритиш истагида бўлсангиз, «Мустақил яратиш» тугмасини босишингиз сўралади. Шундан сўнг лойиҳа номини ёзасиз, йўналишни танлайсиз. Умумий яъни тахминий қийматини киритасиз ва қисқача мазмунини баён этасиз.
Лойиҳа учун расм юклагандан сўнг «Лойиҳа киритиш» тугмасини босиб, синфингиз ва исм-шарфингизни белгилаб, калит сўзни киритиб, тасдиқлаш тугмасини босасиз.
