Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 апрелдаги 264 сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, айни пайтда ўтказилаётган малака тоифа (тест) синовлари натижалари «Йил ўқитувчиси» танловининг биринчи босқичи — саралаш синови сифатида ҳам ҳисобланади.
Бунда агар педагогнинг маълумотлари танловда иштирок этиш талабларига мос келган тақдирда:
– қатнашувчи педагог (қайд этилган синов натижаларига кўра) умумтаълим соҳаси ходимлари ўртасида ўтказиладиган «Йил ўқитувчиси» танловига номзод сифатида инобатга олинади.
Биринчи босқичда — номзодларнинг мутахассислик фани, педагогик маҳорати ва касб стандарти бўйича назарий билимлари баҳоланади.
Малака синовларида бериладиган 50 та тест топшириғи қуйидаги тартибда баҳоланади:
– мутахассислик фанидан (35 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 3,1 балл (35*3,1=108,5 балл);
– педагогик маҳорати учун (10 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл (10*2,1= 21 балл);
– касб стандарти учун (5 та) ҳар бир тўғри жавоб учун — 1,1 балл (5*1,1=5,5 балл) берилади.
Тест синови ҳамда «Йил ўқитувчиси» танловига номзод сифатида инобатга олинган натижаларингиз тегишли тартибда шакллантирилиб pedagog.uzedu.uz порталидаги шахсий кабинетингизга юборилади.
Бундан ташқари, педагоглар синовни якунлаган заҳоти ўз натижалари билан бевосита тест тизими экранида танишиш имконига эга.
