«Кўп ўқиш эмас, тўғри ўқиш муҳим» – аттестацияда 100 балл олган ўқитувчи билан суҳбат

«Кўп ўқиш эмас, тўғри ўқиш муҳим» – аттестацияда 100 балл олган ўқитувчи билан суҳбат

Бугунги кунда ўқитувчилик касби нафақат билим бериш, балки жамият тафаккурини, маънавиятини ва истиқболини шакллантирувчи энг муҳим соҳалардан бири сифатида эътироф этилади. Ҳар бир фидойи устознинг ўзига хос тажрибаси, ҳаётий сабоқлари ва ютуқлари бошқаларга илҳом манбаи бўлиши шубҳасиз.

 

 

Шундай фидойилардан бири — Шоҳрўз Мўминзода, «Севимли» телеканали муҳаррири, форс тили ўқитувчиси ва ўзбек тили фанидан аттестацияда 100 баллик натижага эришган педагог. У нафақат тележурналистика соҳасида, балки таълим йўналишида ҳам ўзининг изланишлари, меҳнатсеварлиги ва ижодкорлиги билан кўпларга намуна бўлиб келмоқда.

 

 

Қуйидаги суҳбатда Шоҳрўз Мўминзода ўзининг касбий шаклланиш йўли, аттестация жараёнидаги тажрибалари, ўқитувчиликка бўлган қарашлари ҳамда ёш педагогларга берган самимий маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

 

 

Илтимос, ўзингизни қисқача таништириб ўтсангиз. Қаерда ишлайсиз ва неча йилдан бери ўқитувчисиз? Ҳозирги фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз.

 

 

Шоҳрўз Мўминзода – «Севимли» телеканали эфир бўлими муҳаррири. Telegram ва инстаграмда форс тилидан текин ва пулли дарслар ўтаман, асосий даромадим шу ҳозир.

 

 

Сизнингча, бугунги ўзбек тили ўқитувчиси қандай бўлиши керак?

 

 

Мен ўзбек тили ёки она тили ва адабиёт фанларининг устозларини давлат тилига ҳурмати бўлган, камида 3 та тилни яхши биладиган ҳамда ҳуқуқий саводхонлиги баланд бўлиши керак деб ҳисоблайман.

 

 

Аттестацияга тайёргарликни қачондан ва қандай бошлагансиз?

 

 

Мен ҳаётимда фақат ўқишга кириш учун тайёргарлик қилганман холос. Бизда бакалавр таълими ва ундаги муҳит ниҳоятда кучли бўлган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Клара Мавлонова, Ирода Азимова, Зулхумор Мирзаева, Комил Жалилов, Илҳом Аслонов, Дамегул Арапбаева каби устозлардан методика, педагогика ва психология каби турли фанларда таълим олганмиз.

 

 

Келгусида шу устозларнинг ўзлари ўрта таълим мактабларига дарслик тузиб беришган. Бизнинг авлод эса, яъни шу университетнинг «Ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш» факультетида 2021 йилгача таҳсил олган талабалар таълим майдонида ўзига хос ўринни эгаллашди. Бир курсдошим, Шокир Турсун, мактаб дарсликлари ҳаммуалифи бўлса, бошқаси мактабдаги дарсликларнинг машқ дафтарлари муаллифи; камина эса ўзингизга маълумки, юз баллни «уриб чиққанман».

 

 

Кунлик ёки ҳафталик тайёрланиш режангиз қандай эди?

 

 

Форс тилидан репетиторлик қилишим ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Махсус гуруҳимда ёзилган талабгорлардан бирим, Элдоржон Диёров, Она тили ва адабиёт фанидан миллий сертификати борлигини айтганди. Барча кўникмалардан энг юқори баллни тўплаган экан. Бундан 1 йил олдин мен у билан келишув қилдим, ҳафтанинг тоқ кунлари у менинг форс тили дарсимга қатнашади, жуфт кунлари мен унинг дарсларига қатнашаман. Шу усулда иккаламиз бир-биримизни тўлдириб борар эдик.

 

 

Грамматикани такрорлашда сизга энг фойдали бўлган усул қайси эди?

 

 

Мен бир семестр давомида олий таълимда ўзбек тилининг тарихий грамматикаси фанидан дарс берганман. Шунинг ҳисобига грамматика илмий ҳаётимнинг бир парчаси. Форс тилини ўргатар эканман, аввало, ўзбек тили грамматикаси билан мунтазам солиштириб бераман. Бу усул грамматикани умуман эсимдан чиқармасликка асосий сабабдир.

 

 

Аттестация жараёнида сиз учун энг мураккаб мавзулар ёки йўналишлар қайсилар бўлди ва уларни қандай ўзлаштирдингиз?

 

 

Морфемика мавзусида оқсайман. Мен тожик оила фарзандиман, мактабни ҳам тожик тилида ўқиганман. Университетга киргунча ўзбек муҳитида бўлмаганман десам ҳам бўлади. Менга «-й» сўз ясовчи қўшимчасининг шаклдоши қайси вазифада ишлатилади десангиз, миямда бўшлиқ пайдо бўлади, «тормоз». Аммо энг ғўр абитуриентлар ҳам морфемикадан қийналмаганини кўриб, бу менинг миллатим ўзбек бўлмаганидан бўлса керак деган хулосага келган эдим.

 

 

Тест ечишда ўзингиз учун қандай стратегияни ишлаб чиққансиз?

 

 

Қанчалик кўп тест ечсангиз, кўзингиз шу даражада ўткирлашиб бораверади. Шунинг баробарида нотўғри жавобларнинг нотўғрилигини лаҳзалиик исботлаб бориш тўғри жавоб ҳақида осон хулоса қилишга ёрдамлашади. Мен айнан шу усулдан фойдаланганман.

 

 

«Кўп ўқиш» ва «тўғри ўқиш» ўртасидаги фарқни ўз тажрибангизда қандай кўргансиз?

 

 

Талабалик йилларимда бир муддат нашриётда ишладим. Ҳар куни китоб ўқир эдим, аммо менда ҳеч қанақа юксалиш бўлмас эди. Чунки мен у ерда иш – пул топиш учун меҳнат қилаётган эдим холос. Тўғри ўқиш бу илм жараёни, у ҳам қачондир яхшигина пул келтиради, аммо у пул олиш учун олинмайди, балки илм инсонни ўз-ўзига кашф этиб бериш учун олинади.

 

 

Имтиҳон куни ҳаяжонни қандай енгдингиз?

 

 

Бу менинг иккинчи имтиҳоним эди. Магистр эканлигим туфайли менга шундоқ ҳам 2-тоифа берилган эди. Биринчи имтиҳонда 94 балл билан 1-тоифани эгаллаган эдим. Иккинчи имтиҳонда 80 баллдан юқори олсам, олий тоифа бўлишимни, бу баллни осон қўлга киритишимни билар эдим. Мен айнан 100 балл олиш учун киргандим имтиҳонга. Бунинг ҳаяжонини фақат 100 балл олиш учун кираётганлар ҳис қилади, уни енгиб бўлмайди. Одатий ҳаяжон эса йўқ эди.

 

 

Тест жараёнида вақтни тўғри бошқариш учун қандай усул фойда берди?

 

 

Бу саволингизга қисқа қилиб, тестни 18 дақиқада ечиб чиққанимни айтиш билан чекланаман.

 

 

Сизнингча, айнан нима бу натижага эришишга сабаб бўлди?

 

 

Ижодкорлик. Бир куни ўқувчиларимдан бири «Менинг орзум дурадгор уста бўлиш» деди. Синфда кулги кўтарилди. Мен шу гапларни айтгандим:

 

 

Куладиган гап эмас. Тўғри айтяпти. Ҳоким, прокурор, ректор, президент ва шу кабиларни орзу қилиш керак эмас. Жамиятга чўпон ҳам, қассоб ҳам улар даражасида керак. Гап ким бўлишда эмас, энг зўри бўлишимизда, – дедим. Шунда ўқувчилардан бири «Сиз энг зўримисиз?» деди.

 

 

Мен эса «Чет тилидан ва она тилидан сертификатлар ҳамда олий тоифа олганимда бу саволингизга жавоб берсам, адолатдан бўлади», деган эдим. Болаларку синфдан чиқишлари билан бу гапни унутишгандир, аммо мен уларга чин маънода устозлик қилиш учун сўзимда туришим керак эди. Мен устозлик сўзимнинг устидан чиқдим холос.

 

 

Аттестация жараёнида ўқитувчилар кўп учрайдиган хатолар қайсилар деб ўйлайсиз ва сиз уларни қандай енгдингиз ёки олдини олдингиз?

 

 

Тестнинг манбаси ғайб олами эмас, балки ўзимиз дарс бераётган дарслик эканлигига ишонмаслик. Билмадим нега, лекин ўқитувчиларнинг кўпи тестнинг жавоби 4 вариантнинг ичида бўлишига ва саволларнинг 35 таси мактаб дарслигидан олинганига ишонишмайди. Сабаби дарсликни бир бошдан ўқиб чиқишмайди. Мен август ойида ўқув йили бошланмасидан барча ўзбек тили дарсликларини ўқиб чиққан эдим.

 

 

Аттестацияга ҳозир тайёрланаётган ўқитувчиларга қандай амалий маслаҳат берасиз?

 

 

Магистр даражаси бўлганлар учун ПҳД илмий даражаси олиб, олий тоифани умрбодга эгаллашни тавсия қиламан. Магистр бўлмаганлар ҳақида нимадир деёлмайман.

 

 

Сизнингча, тестда фақат билим етарлими ёки психологик тайёргарлик ҳам зарурми?

 

 

Одамда билим бўлса, булар ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди, ўзига яраша машқ қилади, албатта, лекин психологик тайёргарлик ҳақида ўйлаш-ўйламаслигини билмадим. Имтиҳондан бир кун олдин меҳмонхонада ётиб қолганман, оиламизда болалар кўп, шовқиндан қочганман, балки шу ҳам психологик тайёргарликдир.

 

 

Аттестация сизнинг касбий ўсишингизда қандай ўрин тутди?

 

 

Роппа-роса бир йилда олий тоифали ўқитувчи бўлдим. Ўқитувчилар хонасида менга мактабда дарс берган устозлар энг юқоридан жой берадиган бўлишди. Ҳокимимиз ва вилоят бошқармаси бошлиғи чақириб табриклашди, совғалар беришди. Ойлик маошим оширилди.

 

 

Сиз учун 100 балл — бу мақсадми ёки янги босқичнинг бошланишими?

 

 

Сиз инглиз тилини ўрганмоқчи бўлсангиз, дунёдаги миллионлаб дарсликлардан истаганингиз билан тайёрланасиз ва ягона халқаро тизимлаштирилган дастурга имтиҳон топшириб, ўта олишингиз мумкинку. Энди таянч докторантурада илмий ишимни ўзбек тилини ўзбекистонлик қардош миллат вакилларига ўқитиш методикаси бўйича ёқламоқчиман. Менинг кейинги мақсадим педагогика фанлари доктори бўлиб, ўз дарсликларим орқали илм улашиш.

 

 

Сиз билан бир хил ёшдаги ёки энди фаолият бошлаётган ўқитувчиларга қандай маслаҳат берасиз?

 

 

Устозлик масъулиятига дош беришга кўзингиз етса, бировнинг вақтдаги ҳаққига хиёнат қилмаслигингизга ишонсангиз, келажакда нега шу соҳани танладим деб ўзингизга миннат қилмасликка ваъда беролсангиз, майли, ишлайверинг. Мактаб стаж орттириб, давлат органига ўтиб кетадиган бекат эмас. Мактаб – миллий мустақиллигимизнинг асоси.