Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги 1-сон Республика жамоат саломатлиги техникуми негизида Германия тиббиёт академияси иш бошлади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, ушбу лойиҳа Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг Аахен университет клиникаси ҳамда Швейцариянинг Globogate Concept AG компанияси ҳамкорлигида амалга оширилган.
Таъкидланишича, битирувчилар икки давлат томонидан тан олинадиган дипломга эга бўладилар ва Германияда юқори маошли ҳамширалик фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўладилар. Globolate Concept AG бош ижрочи директори Сонг Ву Паининг сўзларига кўра, дастлабки икки йил немис тили чуқур ўргатилади, учинчи йилда эса ҳамширалик ва парвариш йўналишидаги махсус касбий фанлар ўқитилади.
Мазкур академия ташкил этилиши Президентнинг 2023 йил 20 июндаги «Маъмурий ислоҳотлар доирасида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланганди.
