Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ мактаб ўқувчи қизларининг бир-бирининг сочидан тортиб, жанжаллашаётгани акс эттирилган видео тарқалди. Маълум бўлишича, ҳодиса Самарқанд вилоятининг Ургут туманида содир бўлган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси берган маълумотга кўра, воқеа юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилган ва ҳолат ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда ўрганилган.
Аниқланишича, 13-октабр куни 41-мактабнинг 9-«А» синф ўқувчиси Ф.Ф. ҳамда 9-«Б» синф ўқувчиси Р.Г. телефон орқали тортишиб қолган. Эртаси куни, 14-октабрда соат 14:20 атрофида улар Қоратепа маҳалласидаги Сарбозор кўчасида учрашиб, жанжалга киришган.
Ҳодисани бошқа синфдошлари ҳам кўрган. Шундан сўнг мактаб раҳбарияти ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбатлар ўтказган.
Бошқарма хабарига кўра, туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан воқеада иштирок этган жами 12 нафар ўқувчининг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси асосида маъмурий баённомалар тузилган.
