Instagram ижтимоий тармоғи 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар, хусусан мактаб ёшидаги болалар учун «13+» чеклов тизимини жорий қилмоқда.
Бу тизим АҚШда фильмлар учун қўлланиладиган «PG-13» рейтингига ўхшаш бўлиб, ота-оналарга фарзандларини яхшироқ назорат қилиш имконини тақдим этади.
Мета компанияси Instagramʼдаги ўзгаришлар орқали вояга етмаганларга номақбул контентларни, жумладан, қўпол сўзлар, гиёҳвандликка оид саҳналар, спиртли ичимликлар, зўравонлик ва шаҳвоний материалларни чекламоқчи. Янги тизимга кўра, 18 ёшдан кичик фойдаланувчилар автоматик тарзда «13+» созламаларига ўтказилади, ва бу созламани фақат ота-онанинг рухсати билан ўзгартириш мумкин бўлади. Баъзи қидирув сўзлари (масалан, алкоголь) ҳатто хато ёзилган бўлса ҳам, блокланади.
Тизим дастлаб АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Канадада ишга туширилади. Европа ва бошқа мамлакатларга эса келаси йилда жорий қилиниши режалаштирилган.
Баъзи мутахассислар бу ўзгаришларни етарли эмас деб ҳисоблашсада, Мета компанияси бу даъволарни инкор этади.
