Ўриндошликда ишловчи аёл педагоглар “декрет пули” олиш ҳуқуқига эгами?

Ўриндошликда ишловчи аёл педагоглар “декрет пули” олиш ҳуқуқига эгами?

Охирги пайтларда “ўриндош сифатида ишлаётган ходимларга декрет пули бериламайди” деган хабарлар тарқалмоқда. Бу маълумот ҳақиқатга мос эмас — амалдаги қонунчиликка кўра, ўриндошлик асосида ишлаётган аёллар ҳам “декрет пули” олиш ҳуқуқига эга.

 

 

Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги низом билан аниқ тартибга солинган. Ушбу низомнинг 18-бандига кўра, ўриндош сифатида ишлаётган ходимлар вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафакасини олиш ҳуқуқига, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафакасини олиш ҳуқуқига ҳам эга.

 

 

Шунингдек, 19-бандга мувофиқ, тиббий муассаса томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафака тайинлаш учун асос бўлади.

 

 

Шундай экан, ўриндош педагогларга “декрет пули берилмайди” деган гаплар асоссиз ва нотўғри талқин ҳисобланади.

 

 

Хулоса ўрнида айтиш керак, ўриндошликда ишлаётган аёллар ҳам бошқалар сингари “декрет пули” олиш ҳуқуқига эга. Фақат бюджет ташкилотларида бу тўлов давлат маблағидан, хусусий ташкилотларда эса иш берувчи маблағидан амалга оширилади. Шунинг учун, агар сизга бу пулингиз тўланмаса, бу — ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва унга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган.